Ўзбекистон | 11:45 / 14.10.2019
154350
4 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Отажоновнинг лицензияси тугатилди. «Ўзбекконцерт» расмий билдириш билан чиқди

«Ўзбекконцерт» сўнгги пайтларда айрим санъаткорлар ўзбошимчалик билан иш тутиб келаётгани сабаб, уларнинг юриш-туриши, кийиниш маданияти, сўзлашуви, яъни муомала маданиятида миллий ўзлигимизга ёт бўлган ҳолатлар яққол кўзга ташланиб қолаётгани юзасидан расмий билдириш берди.

Қайд этилишича, хонандаларда хулқ одоби бирламчи бўлмас экан, ҳар қандай истеъдод ва маҳоратли ижро ҳам иккинчи даражали бўлиб қолаверади. Хонандалар халқ назаридаги инсон бўлгани боис уларга айниқса, ёшлар эргашади, андаза олади. Уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати эл назарида бўлади. 

«Кейинги пайтларда Жаҳонгир Отажонов ана шундай масъулиятни бироз унутиб қўйди, десак хато бўлмайди. 

Жорий йилнинг май ойида ижтимоий тармоқларда хонанда Жаҳонгир Отажонов томонидан санъаткор одобига, миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган номуносиб ҳаракатлар орқали кенг омманинг муборак Рамазон ойида ғашига тегиш ҳоллари кузатилганди. Бу шунчаки ўзини кўз-кўз қилиш мақсадидами ёки бошқа мақсаддами, барибир ижтимоий тармоқлардаги бундай кўриниш ёшлар орасида, жамоатчилик ўртасида санъат аҳли тўғрисида салбий фикр уйғотмасдан қолмаган эди. 

2019 йил 9 октябрь куни «Ўзбекистон» телеканали орқали эфирга узатилган «Муносабат» ток-шоусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрь куни «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарори ижроси муҳокамаси давомида студия мониторида тўйлардан олинган айрим лавҳалар муҳокама қилинди. Бу лавҳада хонанда Жаҳонгир Отажонов билан боғлиқ тасвирлар ҳам акс этиб, иштирокчилар бунга салбий муносабатларини билдиришди», - дейилади билдиришда. 

Таъкидланишича, хонанда Жаҳонгир Отажонов жамоатчилик эътирозидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига ижтимоий тармоқ орқали чиқиш қилиб, турли фикрлар билдирди. Хонанданинг ушбу чиқиши ижтимоий тармоқ орқали ёшлар орасида ва жамоатчилик ўртасида салбий фикр уйғотмасдан қолмади. 

«Хонанда ўзининг маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган бу каби номуносиб ҳаракатлари орқали Муассаса билан тузилган лицензия битими талаб-шартларини мунтазам равишда бузиб келмоқда», - дейилади маълумотда. 

Юқоридагиларни инобатга олиб, лицензиат Жаҳонгир Отажонов билан тузилган лицензия битимида мавжуд талаблар ва шартлар мунтазам равишда бузилганлигини инобатга олиб, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 37-бандига асосланиб, Отажонов Жаҳонгир Сапарбоевич номига концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун берилган АА-серияли, 7422-сон лицензиянинг амал қилиши 2019 йил 14 октябрь кунидан тугатилди. 

Шу ўринда, хонандага концерт-томоша, тўй-юбилей ва бошқа тантаналарда лицензиясиз фаолият кўрсатиш қонунчиликка асосан жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтилган.

«Шу билан бир қаторда, барча санъат аҳлини ижтимоий тармоқларда санъаткор одобига зид турли хил бемаъни сўзларни тарқатмаслик, жамоатчилик ўртасида санъаткорларга нисбатан ноўрин муносабат шакллантирилишига йўл қўймасликлари борасида огоҳлантирамиз», - дейилади «Ўзбекконцерт» билдиришида.

Мавзуга оид