Кеча, 14 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди

Унга кўра, 2019 йилнинг 15 октябридан бошлаб Ўзбекистонда дон ва ун нархларининг эркинлаштирилиши борасида бир қанча янги тартиблар ўрнатилиши белгиланган. Ўрнатиладиган янги тартиблар нон нархига ҳам таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Kun.uz қарор асосидаги ўзгаришлар, шунингдек, бунга сабаб бўлган бошқа омиллар бўйича батафсил маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Молия вазирлиги билан боғланди.

Саволларимизга Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро этувчи директори Баҳром Ашрафхонов жавоб берди.

«Нархларнинг эркинлаштирилиши борасидаги талаб фермерлар томонидан билдирилди ва у Олий Мажлис томонидан жиддий қабул қилинди».

«2 октябрь куни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши Раёсати ҳукумат ва парламентга ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан мурожаатнома билан чиқди.

Уларнинг айтишларича, йиллар давомида аҳолини арзон ун ва нон билан таъминлаш масаласи ғалла етиштириш ва уни қайта ишлашнинг давлат томонидан қатъиян бошқарилиши ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалланинг бозор нархларига нисбатан паст нархларда харид қилиш тамойиллари асосида ҳал қилиниб келинди.

Натижада, фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ошириш ва ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қизиқиши пасайиб, харажатларни фақат давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар доирасида амалга ошириб, қўшимча даромад олиш учун ўз маблағларини йўналтиришдан манфаатдорлиги бўлмади.

 Шунингдек, давлат харидлари бўйича фермерларнинг ғалласига паст нарх белгилаб, унинг арзон баҳода сотилиш механизми фермерлар ва дон корхоналарига иқтисодий манфаатдорлик келтирмаяпти. Уларни ғалла ҳосилдорлигини оширишга рағбатлантирмайди.

Раёсатнинг расмий мурожаатномаси Олий Мажлис томонидан жиддий қабул қилинди. Ҳақиқатдан ҳам, 2018 йилга қадар ғаллачиликка давлатнинг аралашуви 100 фоиз бўлиб келди. Лекин сезяпмизки, энди бозор иқтисодиётига ўтмасак бўлмайди.

Фермерлар шу сабабдан қатъий талаб билан чиқишдики, «Мева ва сабзавот маҳсулотларини истаган нархда сотаяпмиз, нега энди ғаллада нархга аралашув бўлиши керак. Аҳвол бу кетишда давом этса, бизни ғалла экканимиздан нима фойда? Агар ғалла керак бўлса, нархни бозор шароитларида, эркин қилинглар».