Музокара сўз дастлаб прокурорга тақдим этилди. Прокурор музокара нутқида жиноят иши фабуласига тўхталиб ўтирмади.
Прокурор: – «Судланувчиларнинг жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан содир этган айблари инкор этиб бўлмайдиган далиллар, гувоҳлар кўрсатувлари билан ўз тасдиғини топди. Дастлабки тергов органи томонидан Э.М., Х.Ш., К.Ж. ва Д.А.нинг айблари жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан тўғри малакаланиб ҳуқуқий баҳо берилган. Судланувчиларга жазо тайинлашда уларнинг айбига қисман иқрорлиги, пушаймонлиги, шахси, оилавий ҳолати, содир этган жиноятининг ижтимоий аҳволи, судланмагани ҳисобга олинишини сўрайман.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, К.Ж.га жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан 3 йилга муайян ҳуқудан маҳрум қилиш, 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, 2016 йил 12 апрелдаги Олий мажлис Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарори билан тайинланган асосий жазодан озод қилишингизни сўрайман».
Прокурор суддан бошқа судланувчиларга ҳам юқоридаги жиноят бўйича жазо тайинлашни ва амнистия асосида асосий жазодан озод қилишни сўради.
Жабрланувчи, яъни марҳум С.Ш.нинг онасига ҳам сўз берилди. Жабрланувчи фарзандини айбланаётганлар ўлдирмагани, бир сўз айтишга қийналишини айтди.
Шундан сўнг, музокара сўз навбати адвокатларга берилди.

Адвокат – «Жабрланувчининг вакили сифатида фикрим шуки, жабрланувчи С.Ш нинг ўлими юзасидан Навоий вилояти прокуратураси органлари, яъни Навоий махсус прокуратураси терговчиси В.Утамуродов, Навоий махсус прокурори Р.Махамов томонидан ўтказилган дастлабки тергов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси терговчилари С.Махаматкулов, Р.Матхаликов томонидан ўтказилган қўшимча процессуал ҳаракатларни ўтказиш тергов ҳаракатлари бир томонлама, яъни ишнинг ҳақиқий ҳолатини яшириш, жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликдан олиб қолиш мақсадини кўзлаган ҳолда олиб борилган деб ҳисоблайман. Ўлим сабаблари тергов органи томонидан атайин фош этилмаган. Маҳбус 64/47-сонли колонияда қийноққа солингани, уни уриб, дўппослаб, электр токи билан азоб беришгани ҳолатлари яққол кўриниб турган бўлсада, тергов органи ушбу ҳолатларни фош этиш, жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўрмаган. Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлиши (ЖК 104-модда), баданга оғир шикаст етказилишига ёхуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлишида ифодаланган жиноятларни содир этган шахсларнинг ҳаракатлари (ЖК 235-модда) жиноий жавобгарликдан сақлаб қолинган. Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатиш рад этиш йўли билан ҳисобдан яширилган.
















