Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Қуйидагилар ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш соҳасидаги устувор йўналишлари этиб белгиланади:
биринчидан – назорат остидагиларни ҳуқуқ ва эркинликларини сўзсиз риоя этилишини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилинишини таъминлаш;
иккинчидан – назорат остидагиларда қонун талабларига ва жамиятдаги хулқ-атвор қоидаларига риоя этиш маданиятини, билим ва маънавий-ахлоқий савиясини оширишга интилишни шакллантиришга қаратилган қайта тарбиялаш ва ахлоқан тузатиш жараёнини такомиллаштириш;
учинчидан – назорат остидагиларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда самарали тизимни жорий этиш, уларни ижтимоий мослашувини амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш;
тўртинчидан – кадрларни танлаш, уларни махсус касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича самарали механизмларни жорий этиш;
бешинчидан – юклатилган вазифаларни самарали бажаришни, назорат остидагиларга қулай шароитлар яратишни назарда тутувчи ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини, ахборот-коммуникация технологияларини фаолиятда кенг қўллаш.
Белгиланишича, назорат остидагиларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик доирасида:
а) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:
назорат остидагиларнинг мурожаати ёхуд пробация бўлим (гуруҳ)ларининг йўлланмаси асосида уларни мавжуд бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштиришга кўмаклашади;
назорат остидагиларни захираланган (квоталанган) иш ўринлари ҳисобидан ишга жойлаштиришга кўмаклашади;
белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган назорат остидагилар ва уларнинг оила аъзоларини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий қўллаб-қувватлашни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этади;
назорат остидагиларни ишга қабул қилган ҳамда малакасини ошириш ва касбга қайта ўқитишга юборган иш берувчиларга қонунчиликда белгиланган тартибда субсидиялар беради;
















