Чоршанба оқшомида Европа Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичининг 4-тури доирасида яна 8та ўйин бўлиб ўтди.

А гуруҳи
«Реал» — «Галатасарой» — 6:0 (Родриго, 4, 7, 90+2. Рамос, 14 — пенальти. Бензема, 45, 81)

Чемпионлар лигасининг бу мавсумида «Галатасарой» жуда ғариб кўринмоқда. Ёзда Радамель Фалькао билан таркибни кучайтирган Фотиҳ Терим жамоасидан «Реал» ва «ПСЖ» каби грандлар билан бир гуруҳда бўлса-да бошқа натижа кутилганди. Аммо истанбулликлар 4 ўйинда битта ҳам гол ура олишмади ва бир очко билан сўнгги ўринда жойлашишди.

Терим ўйиндан олдин матбуот вакилларини бу ўйин финалга тенг бўлишига, «Галатасарой»нинг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқлиги ва жамоа ғалаба учун қўлидан келган барча ишни қилишига ишонтирганди. Аммо 14-дақиқадаёқ учрашув ғолиби қайси жамоа бўлиши ойдинлашиб қолди.

Афтидан Зинедин Зидан бошчилигидаги «Реал» аста-секин ўзига келмоқда. Бу турда энг кўп голни ушбу жамоа урди. Энди жамоа Чемпионлар лигаси плей-офф босқичига чиқишига ҳеч ким шубҳа қилмайди.

«ПСЖ» — «Брюгге» — 1:0 (Икарди, 21)

Тумас Тухель жамоаси амалда учинчи турдан кейиноқ плей-офф йўлланмасини ҳал қилиб қўйганди, аммо назарий жиҳатдан интрига сақланиб қолганди. Ҳеч ким «ПСЖ» ўз майдонида «Брюгге»га ютқазиши ҳақида ўйламаётганди. Гарчи бельгияликлар «Сантьяго Бернабеу»да қаҳрамонлик кўрсатишган бўлишса-да, учинчи турда французлар қаршисида ожиз қолишганди.

Париждаги жавоб ўйини ҳам ўхшаш сценарий билан бошланди: «ПСЖ» катта куч сарфламасдан яхшигина вазиятларга эга бўлди ва фақат улардан биттасидан фойдаланди. Икарди одатдаги ишини қилди - гол урди.

Иккинчи бўлим зерикарли кечди. Мезбонлар ортиқча куч сарфлашни исташмади, меҳмонларнинг қўлидан ҳеч нарса келмади. «ПСЖ» расман ЕЧЛ плей-офф босқичига чиқди.