Об-ҳаво бироз совуши билан Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳар йили кузатиладиган ҳолат бошланди. Яна ўша – электр таъминотидаги муаммолар. Яна чекловлар жорий этилди.
Мурожаатлар турфа...
«Мухбир ака, Тўрақўрғонда 6 ноябрь куни 7 соат ток беришди. Касаллар ва қарияларга қийин бўляпти»...
«Наманган шаҳри Бобуршоҳ кўчасида 5 ноябрь куни кундузи соат 11лардан бошлаб 15гача ток бўлмади, 6 ноябрь куни эса Марғилон кўчасида кундузи тўрт марта ўчиб ёнди. Худди светофорнинг ўзи».
«Чимёнданман. Электр бир кунда 10 маротаба ўчди. Аҳолининг қарздорлиги бўлмаса, нега ўчиришади?»
«Тадбиркорман. Андижоннинг Булоқбоши марказига сутканинг ярмида ток беришмаяпти. Электр тармоқларига телефон қилсак, «Чеклов бошланган», дейишди. Бизнесимиз нима бўлади?»
«Бувайда туманининг Оққўрғон қишлоғида сутканинг етти соати давомида ток йўқ. Қийналиб кетдик...»
Аҳолининг бу каби арзлари – бу йил ўтган йилдан ҳам аҳвол ёмонлашганидан дарак.
Энергетиклар ўтган йиллар давомида электр энергиясидаги узилишларга дадил фикр билдиришар эди. Энг ишонарли баҳоналар – «Аҳолининг электрдан қарзи кўп, нореал қарздорлик ошиб кетган», «Тўрақўрғон ИЭС ишга тушса, яхши бўлиб кетади».
Қарангки, аҳолидан электр ҳақини МИБ қурутдек санаб оляпти. Тўрақўрғон ИЭС ҳам ишга тушган. Бироқ, ноябрь ойининг биринчи ҳафтасидан бошлаб, яна ўша эски муаммога дуч келинди.
Уч вилоятнинг ҳудудий электр тармоқлари корхоналари нима дейди?
Фарғона вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан боғланиб, мутасаддилардан қуйидаги жавобни олдик:

«Об-ҳавонинг кескин пасайиб кетиши натижасида сўнгги кунларда истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжлари ортиб бормоқда. Жумладан, биргина Фарғона вилояти бўйича ноябрь ойининг илк кунларига нисбатан кейинги икки кун давомида кунлик электр энергияси истеъмоли ҳажми ўртача 1,9 млн кВт/с га, ёки 70-80 мВт қувватга ўсиши кузатилди. Бу ҳолат энерготизимда қувват танқислигига олиб келди.
Энерготизимнинг барқарор, ишончли режимда ишлашини таъминлаш мақсадида «Миллий электр тармоқлари» АЖ диспетчерлари томонидан берилган топшириқларга асосан электр таъминотида чекловлар жорий этилди. Лекин корхона тасарруфидаги электр тармоқларда нуқсонли (аварияли) ўчишлар кузатилмади».

















