Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2019 йил 15 октябрдан «Ўздонмаҳсулот» АЖ тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилиши белгиланди.

Бу эса маҳаллий дондан тайёрланган ун ва қолипли нон нархининг ошишига олиб келиб, ўз навбатида аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бош прокуратура хабарига кўра, таҳлиллар қолипли нон нархининг кескин ошишига қуйидаги омиллар сабаб бўлаётганини кўрсатмоқда:

1. Давлат томонидан дон ва ун сотиб олиш нархини сунъий равишда ушлаб туриш сиёсатидан воз кечилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 866-сонли қарорига мувофиқ, «Ўздонмаҳсулот» АЖ корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган ун ва қолипли нон нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар ва уларнинг стратегик турлари рўйхатидан чиқарилди.

Бунга қадар, аҳолининг унга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун давлат томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилардан ғаллани паст нархларда сотиб олиш механизми амал қилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг ҳар ойлик баёни асосида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ёпиқ биржа савдолари орқали маҳаллий буғдой уни сотиб келинган.

Оқибатда фермерлар ва дон корхоналарининг иқтисодий зарар кўриши, улар моддий-техника базаларини яхшилай олмасликлари, ҳосилдорликни оширишга бўлган рағбатнинг тушиб кетишига олиб келди.

Маълумот учун: давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинган ғалла нархи 2017 йилда – 550, 2018 йилда – 750, 2019 йилда эса – 1420 сўм этиб белгиланган.

Кўп йиллар давомида амал қилиб келган мазкур тизимдан кўзланган асосий мақсад аҳолини арзон нархли қолипли нонга бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборат бўлиши билан бирга, турли коррупциявий схемаларнинг вужудга келишига, арзон нархларда сотиб олинган ундан қолипли нон ишлаб чиқармасдан унни бозорларда сотиш орқали мўмай даромад олинишига, маҳаллий уннинг аҳолига қатъий ўрнатилган давлат нархларида етиб бормаслигига олиб келган.

Биргина, «Оҳангарон дон» АЖ бошқаруви мансабдор шахслари томонидан 2011-2018 йиллар давомида аҳоли эҳтиёжлари учун қолипли нон ишлаб чиқарилиши лозим бўлган жами 18,6 млрд сўмлик ун ва дон маҳсулотлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.