Нон компенсация тўловлари учун 2019 йилда республика бюджети ҳисобидан 604 млрд. сўм (63 млн доллар) ажратилган. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, республика бўйича жами 1,7 млн. нафар фуқарога тўланаётган пул компенсацияси миқдори оширилди.
Шунингдек, пул компенсацияси олувчи тоифалар сони 2 тага кўпайиб, 11 тоифага етказилди, яъни 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қўшимча равишда 64,9 минг нафар фуқаро ҳамда 218,1 мингта оилага илк маротаба пул компенсацияси жорий қилинди.
Компенсация олувчилар сони қанча?
Пенсия жамғармаси орқали пул компенсацияси олувчилар сони 1,4 млн. нафарни ташкил этди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали пул компенсацияси олувчилар сони 514,4 минг нафарни ташкил этмоқда.
Бугунги кунга келиб пул компенсация олувчи аҳоли қаторига қўшимча равишда икки тоифа қўшилиши натижасида пул компенсацияси олувчилари сони 18,5 фоизга ошиб, 2,0 млн. нафарни ташкил этмоқда.
Компенсация тўлови учун қанча маблағ сарфланмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан шу йилнинг октябрь-декабрь ойларида пул компенсацияларини янги миқдорларда тўлаш учун, қўшимча тарзда 189 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилди (Пенсия жамғармаси томонидан тайинланган пенсия ва нафақа олувчилари учун 125 млрд. сўм ва маҳаллалар томонидан тайинланадиган нафақалар ва моддий ёрдам олувчилар учун 64 млрд. сўм).
Умумий ҳисобда нон компенсациялари тўлови учун 2019 йилда республика бюджети ҳисобидан 604 млрд. сўм ажратилган.
Компенсация тўлови қандай амалга оширилди?
Пенсия жамғармаси томонидан 3 октябрь санасида октябрь ойи пул компенсацияси учун (22 300 сўмлик миқдорда) тўлов ведомостлари шакллантирилиб, Халқ банки ва тижорат банклари томонидан тўловлар амалга оширилганлиги сабабли, ошган миқдорлари фарқи (яъни, 27 700 сўм) бўйича 15 октябрда қўшимча ведомостлар тузилиб, ойнинг 27 санасига қадар тўланиши таъминланди.
Шунингдек, компенсация тўлови янги жорий этилган энг кам ёшга доир пенсия (436 150 сўм) миқдорида пенсия олувчиларга 2019 йил 1 октябрдан компенсациялар тайинланиб, ноябрь ойи ведомостига 100 000 сўм миқдорида (яъни, октябрь ва ноябрь ойлари учун 50 000 сўмдан) киритилди.
















