2019 йил 4 октябрда Инвестицион низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказ (ICSID) қошидаги Арбитраж суди туркиялик тадбиркор Воҳид Гунешга тегишли бўлган Güneş Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Limited Şirketi ва бошқаларнинг Ўзбекистон Республикасига қарши даъво аризаси бўйича арбитраж иши юзасидан қарор чиқарди.

2004-2011 йилларда Тошкентда фаолият кўрсатган Turkuaz савдо марказига асос солган, айни вақтда 50 ёшда бўлган туркиялик Воҳид Гунеш 2012 йил апрелида Ўзбекистон ҳукумати томонидан мусодара қилинган мулкларини қайтариб олиб беришини сўраб, халқаро арбитраж судига мурожаат қилганди. Унга мусодара қилинган мол-мулкининг компенсацияси сифатида 40 миллион доллар тўланиши кераклиги ҳақида қарор чиқарилди.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, Арбитраж суди қарори ўрганиб чиқилган ва вазирлик қатор жиҳатларга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш зарур деб ҳисоблайди.

Қайд этилишича, суд ҳукуматнинг даъвонинг кўп жиҳатлари бўйича позициясини қўллаб-қувватлади ва минимал миқдордан ташқари, даъвогарларнинг аксарият талабларини рад этган.

Билдирилишича, амалда арбитраж суди ўз юрисдикцияси йўқлигини тан олиб, мамлакатда «инвестор» тушунчаси доирасига кирмайдиган олтита дастлабки даъвогарлардан учтасининг даъвосини рад қилди.

Даъвогарларнинг 180 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маънавий зарар тўғрисида берган даъволари, шунингдек, даъвогарлар томонидан моддий зарар миқдорининг оширилган баҳоланиши - 66 миллион АҚШ долларидан кўпроқ - тўғрисидаги мурожаати тўлиқ рад этилди.

Адлия вазирлигига кўра, суд даъвогарларнинг шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳақидаги барча даъволарини кўриб чиқишни рад этди, шу сабабли, Воҳид Гунешнинг бу борадаги барча баёнотлари бир томонлама даъволар экани айтилади.

Бундан ташқари, суд Ўзбекистон Республикасининг хорижий инвестициялар тўғрисидаги қонунига мувофиқ, Инвестицион низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказга Ўзбекистон Республикасига қарши даъво аризаси беришга ҳуқуқий асос йўқлигини тан олган.

Вазирликка кўра, суд эълон қилинган йўқотишларнинг бошланғич миқдоридан атиги 10 фоизи ҳақида қарор чиқарди, бу 26 миллион долларни ташкил этади (фоизлар ва харажатларни ҳисобга олмаганда). Ушбу сумма фақат Тошкент шаҳар жиноий судининг 2011 йилда Воҳид Гунеш ва бошқа даъвогарларга қарши қўзғатилган асосий жиноий ишдаги ҳисоб-китобларига асосланган. Трибунал даъвогарлар томонидан берилган миқдорни спекулятив ва ишончсиз деб топгани айтилади.