13 ноябрь куни Тошкент шаҳар прокуратурасида журналистлар учун брифинг ташкил этилди. Тадбирда Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ҳамда Кun.uz сайти ходимлари ўртасида содир бўлган ҳолат бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижаси ҳақида ахборот берилди. Қуйида воқеалар хронологияси ва унда билдирилган фикрлар келтирилади.

Тадбирда Абдурасул Ваҳобов билан Kun.uz таҳририяти ходимлари ўртасида юзага келган ҳолат ҳақида интернетда эълон қилинган мақола юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказган Тошкент шаҳар прокуратураси ижтимоий қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими катта прокурори Сайёд Жумабоев ҳодиса тарихи ва терговга қадар текширув натижалари ҳақида қисқача маълумот берди. Жумабоевнинг ҳисоботида янграган айрим жумлалар журналистларнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Шаҳар прокурори ўринбосари А.Пўлатовнинг айтишича, бу ҳолатда қонун талабларини фақат собиқ ҳоким ўринбосари эмас, балки журналист ҳам бузган. У «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида журналистлар касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилгани, мазкур қонунга кўра ҳар бир ҳолатда авваламбор шахснинг розилиги билан уни тасвирга олиш, қадр-қиммат масалалари акс эттирилганини таъкидлади.

Брифингда журналистлар нима учун терговга қадар текширув жараёнида Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ва «MY5» телеканалига берган интервьюсида айтган гаплари тасдиғини топмаган бўлсада, унинг Р.Исроилов ҳақида айтган гаплари учун чора кўрилмагани сабаблари билан қизиқди.

«Тергов соҳасида шундай бир нарса борки, бир оғиз гап билан, бир оғиз сўз билан бировнинг тақдирини, бировнинг жавобгарлик масаласини ҳал қилиб бўлмайди. Агар унақа замон бўлса, кечирасиз-у бошбошдоқлик бўлиб кетади. Ҳар бир жиноят бўладими, ҳар бир ҳуқуқбузарлик бўйича терговга қадар текширув бўладими, бунақа пайтда ҳар бир ҳолатга тўпланган ҳужжатлар, далиллар, исботлар мажмуи билан у ёки бу шахснинг ҳаракатига қонуний баҳо берилади. Шунинг учун ҳам мазкур ҳолатда қонун бузилмаганини шаҳар прокуратурасининг қарорида кўрсатганмиз», деди А.Пўлатов.

Журналистлар саволларга берилаётган жавоблардан келиб чиқиб шаҳар прокуратураси томонидан ташкил этилган мазкур брифинг юзага келган ҳолатга аниқлик киритиш учун эмас, балки «Ваҳобов иши» бўйича чиқарилган қарорни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилганга ўхшаётганини айтиб, прокуратура органлари рўйи-рост кўриниб турган қонунбузарликка нега адолатли ҳуқуқий баҳо берилмаётгани билан қизиқишди.