21 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутат Расул Кушербаев мактабларнинг атиги 31 фоизи оптик толали интернет билан таъминланганига эътибор қаратиб, 2020 йилга мўлжалланган давлат бюджетида бу кўрсаткични 100 фоизга етказишни таклиф этди. Депутатнинг сўзларига кўра, бу орқали жойлардаги инфратузилмани ривожлантиришга катта туртки бериш мумкин.

Расул Кушербаев

«Чунки юқори тезликли интернет Ўзбекистондаги барча мактабларга етиб борса, бундан ўша ҳудуддаги аҳоли ҳам, тадбиркорлар ҳам, умуман, бошқа муассасалар ҳам фойдаланиши мумкин. Бу ўз навбатида, аҳолининг ахборот технологиялари бўйича саводхонлик даражаси ошишига хизмат қилади», – дейди Расул Кушербоев.

Мазкур масалага Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов муносабат билдирди.

Темур Комилов

«Президентимизнинг 3931-сонли қарорида ҳам халқ таълими тизимидаги муассасаларни оптик толали алоқа линиялари билан таъминлаш белгиланган. «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси билан биргаликда, уч йиллик чора-тадбирлари режасини ишлаб чиққанмиз. Мамлакатимизда 10 мингта таълим муассасаси бўлса, 2019 йил охиригача уларнинг 4152таси (40 фоиз), 2020 йилда эса 4367таси, 2021 йилда 1600таси тўлиқ оптик толали интернет билан таъминланиши кўзда тутилган», дейди Темур Комилов.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов депутат бу масалани 2021 йилга қолдирмасдан 2020 йилнинг ўзида интернетга уланмаган 5967та мактабнинг барчасини оптик толали алоқа линиялари билан таъминлашни назарда тутаётганини таъкидлади ва мутасаддилардан бунга изоҳ сўради.

Темур Комиловнинг айтишича, 3 йиллик чора-тадбирлар режаси «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг имкониятидан келиб чиқиб ишлаб чиқилгани, мактабларни оптик толали интернет билан таъминлаш бюджетдан эмас, балки «Ўзбектелеком»нинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилгани, депутатнинг саволига АКТ вазирлиги ва «Ўзбектелеком» АК мутасаддилари жавоб бериши мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.