Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг музокаралари кенгайтирилган таркибда давом этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мажлис иштирокчиларини қутлар экан, иккинчи Маслаҳат учрашувининг ўтказилиши манфаатларнинг ўзаро муштараклиги, мамлакатларимиз минтақавий тараққиётнинг энг долзарб масалалари бўйича очиқ мулоқот ва биргаликда қарорлар қабул қилишга тайёр эканини яна бир бор яққол тасдиқлашини таъкидлади.
Марказий Осиё доимо ўзининг бой маданий-тарихий мероси билан Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ноёб кўприк бўлиб хизмат қилиб келгани қайд этилди. Бугунги кунда минтақада улкан табиий захиралар, катта инсоний салоҳият мавжуд, дунёнинг ўзаро рақобатга киришаётган қудратли давлатлари манфаатлари кесишган.
Шу ва бошқа омиллар, шунингдек, минтақавий ва халқаро хавфсизликка таъсир этадиган йирик беқарорлик ўчоқлари бевосита яқин ҳудудларда жойлашгани минтақа мамлакатлари олдига барқарорлик, янги хавф-хатар ва таҳдидлар вужудга келиши, бундай шароитда минтақавий ҳамкорлик қандай олиб бориш кераклиги хусусида мураккаб масалаларни қўймоқда.

– Сиёсий ирода ва амалий қадамларимиз туфайли биз ҳамкорликнинг янада юқори босқичига кўтарилмоқдамиз, – деди давлат раҳбари. – Бизнинг ҳамжиҳатлигимиз ва фаол саъй-ҳаракатларимиз кўпқиррали минтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятларни очиб берди. Биз қисқа муддатда биргаликда, амалда олдинга силжишга эришдик.
Хусусан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда 2 баробарга, қўшма корхоналар сони 4 баробарга ўсди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан чегараларнинг ҳуқуқий расмийлаштириш ишлари якунланиш арафасида, олтмишга яқин ўтиш пунктларининг тўлақонли фаолияти таъминланди, визалар бекор қилинди. Ишбилармонлик ва ҳудудлараро алоқалар, транспорт қатновлари, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгайиб бормоқда.
Ўтган йили Ўзбекистонда биринчи Марказий Осиё иқтисодий форуми ҳамда мамлакатларимизнинг бош вазирлари ўринбосарлари даражасида Ишчи гуруҳнинг дастлабки учрашуви бўлиб ўтди.
Буларнинг барчасида барқарор бир тенденция – давлатларимизнинг мустақил роли ва умумий келажак учун масъулияти кучайиб бораётгани намоён бўлмоқда, деб таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев. Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё давлатлари минтақавий ва глобал масалалар бўйича тобора кўпроқ умумий позициядан туриб фикр билдираётганини мамнуният билан қайд этди.








