“Ягона дарча” божхона ахборот тизими жорий этилади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Қайд этилишича, 2020 йил 1 январдан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг “Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг янги талқини синов режимида ишга туширилади.
“Ягона дарча” БАТда қуйидагилар жорий этилишига алоҳида эътибор қаратилади:
импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли тартиб-таомиллар бўйича стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатларни ягона электрон манзилдан фойдаланган ҳолда олиш;
фитосанитария, санитар-эпидемиологик, ветеринария, экологик назорат органлари ва бошқа мувофиқликни баҳолаш органлари, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификатини расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатиш;
барча учун очиқ бўлган электрон шаклдаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификатининг реестрларини юритишга тўлиқ ўтиш;
хорижий мамлакатлардаги эпизоотик, карантин ва фитосанитария ҳолатлари тўғрисидаги очиқ маълумотларни энг сўнгги кўрсаткичлар ҳолатида ушлаб туриш;
дастлабки маълумотлар асосида товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига амалда етиб келишига қадар рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификатини бериш;
ваколатли органлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларининг нархлар прейскурантини доимий равишда янгилаб бориш;
давлат хизматлари кўрсатиш учун ўртача сарфланган вақт ва маблағлар тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида кузатиб бориш.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси “Ягона дарча” БАТни жорий этиш, такомиллаштириш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш учун масъул орган этиб белгиланади.
Белгиланишича:
“Ягона дарча” БАТ доирасида ваколатли органлар ва улар томонидан тақдим этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва (ёки) мувофиқлик сертификатининг рўйхати Давлат божхона қўмитаси томонидан шакллантирилади ва янгиланиб борилади;

















