Таҳририятга Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида яшовчи Сафия Абдиалимова бир йилдан бери бетоб ётган фарзанди учун кўмак сўраб мурожаат қилди.

Унинг айтишича, ўғли Ҳакимжон шамоллаш оқибатида кутилмаганда комага тушиб, яримжон бўлиб қолган.

«2018 йилнинг сентябрида фарзандим шамоллаб, ҳар замонда иситмаси чиқа бошлади. Ўшанда болам 2 ёшу 2 ойлик эди. Қайнонамга дўхтирга олиб борайлик десам «Биз ҳам бола боққанмиз, сал нарсага дўхтирга югуриб боравермаслик керак!» деб койиб берди», дейди Ҳакимжоннинг онаси.

Сафиянинг сўзларига кўра, ўғлида 2018 йил 27 сентябрь кутилмаганда болада талваса (судорги) бошланиб, комага тушиб қолган. Шундан кейин она ўғлини олиб поликлиникага борган, у ердан тез ёрдам машинасида туман марказий шифохонасига кетишган. Ҳакимжон шифохонанинг реанимация бўлимида 3 ҳафта комада ётган. Боланинг бурун ва томоқ йўли ёпилиб қолгани учун шифокорлар бўғзидан тешиб очиб, трубка улаб қўйишган.

«Болам нафас ололмай ҳаракатсиз ва ҳушсиз комада ётган вақтда хўжайиним ва қайнонам «Энди умид йўқ, одам бўлмайди», дея шифохонадан чиқиб кетишганича қайтишмади. Ҳозир бемор фарзандим билан ота-онамникида яшаяпман», дейди она.

Ҳакимжон бир йилдан бери фақат томоғидаги трубка орқали нафас олади. Бурун ва томоқдаги нафас йўли беркилиб қолган. Табиий нафас ололмагани боис трубкасида балғам тўпланиб қолади. Онаси махсус аппаратда ҳар 5-10 дақиқада трубкани тозалаб турмаса бола нафас ололмай бўғилиб қолади.

«Фарзандим ҳозиргача ўтиролмайди, ўрнидан туролмайди, юролмайди. Бўйнидаги трубка сабабли фақат ётади. Зўрға нафас олади. Кечаси ухлолмайди. Тинчлантирувчи дори бериб ухлатамиз. Табиий нафас ололмагани боис трубкасида балғам тўпланиб қолади. Ўзим уйда аппаратда ҳар 5-10 дақиқада трубкани тозалаб ўтираман, бўлмаса нафас ололмай бўғилиб қолади. Ҳар ўн беш кунда Бухорога бориб трубкасини алмаштириб келамиз. Ҳеч кимнинг фарзандига бунақа дардни раво кўрмайман», дейди аёл.

Сафиянинг сўзларига кўра, Ҳакимжоннинг касалини Ўзбекистонда даволашнинг имкони йўқ. Тошкентга беморларни кўрикдан ўтказишга келган ҳиндистонлик шифокорлар уч босқичли жарроҳлик операцияси орқали боланинг нафас йўлини очиш мумкин деб айтишган. Шундан бери онанинг кўнглида умид пайдо бўлган. Бироқ жарроҳлик амалиёти учун 12 минг доллар керак. Бундан ташқари, Ҳиндистонга бориш-келиш, дори-дармон, таржимон харажатлари бор. Айни пайтда болани ёлғиз катта қилаётган она учун бу пулни топиш имконсиз. Шу сабабли у саховатпеша юртдошларимизнинг кўмагига муҳтож.