Ўзбекистон | 15:52 / 24.12.2019
5490
4 дақиқада ўқилади

Жиззах вилоятида замонавий агрологистика комплекси ташкил этилади 

Жиззах вилоятида замонавий агрологистика комплексини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. 

Ҳужжатга мувофиқ, “BMB Trade group” (Ўзбекистон) ва “Национальная резервная корпорация” (Россия Федерацияси) компанияларининг Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида замонавий агрологистика комплексинн барпо этиш мақсадида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “BMB-NRC Agrologistics” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Таклифда қуйидагилар назарда тутилган:

хорижий инвесторлар маблағларини жалб қилиш ҳисобига 10 минг тонна сиғимга эга бўлган музлаткичли камералар ва омборлар ташкил этиш ҳамда шок усулда музлатиш, қайта ишлаш, калибрлаш, саралаш, қадоқлаш ва мева-сабзавотларни қуритиш ускуналарини ўрнатиш;

мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, шунингдек, божхона, банк, логистика, экспресс-лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиш, Россия Федерацияси ва бошқа хорижий давлатлар бозорларига ҳўл ва қайта ишланган тайёр маҳсулотларнинг экспортини амалга ошириш;

хорижий инвестицияларни, халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш ва бошқа манбалар ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бирламчи ва чуқур қайта ишлаш ҳамда жамғаришни ташкил этиш, шунингдек, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш. 

Қарор билан ‘'Жиззах вилоятида замонавий агрологистика комплексини ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. 

Божхона расмийлаштируви тартиб-таомилларини тезкор амалга ошириш ҳамда агрологистика комплекси ҳудудида барча турдаги хизматлар “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилишини таъминлаш мақсадида бир ой муддатда агрологистика комплекси ҳудудида:

Давлат божхона қўмитаси божхона ҳужжатларини расмийлаштириш ва бериш пунктини;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси - ўсимликлар карантини соҳасида рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва бериш пунктини;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги - халқаро стандартларга мувофиқ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тўлақонли синовдан ўтказиш ҳамда тегишли сертификат ва санитария-эпидемиология экспертизаси хулосаларини беришни таъминловчи замонавий синов лабораториясини;

“Ўзбекэкспертиза” АЖ - ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодлари бўйича товарларни таснифлаш бўйича хизмат кўрсатиш, рўйхатдан ўтказиш ва товарнинг келиб чиқиш сертификатларини бериш пунктини ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади. 

Қарор билан, 2023 йил 1 январга қадар:

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва агрологисгика комплекси томонидан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган хомашё, ускуналар, махсус транспорт воситалари ва техникалар учун божхона тўловлари (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан;

агрологистика комплексига чет элдан жалб қилинадиган мутахассислар - жисмоний шахслардан олинадиган фойда солиғи тўлашдан озод этилди. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид