Ўзбекистон | 07:45 / 25.12.2019
19627
2 дақиқада ўқилади

ИИВ тергов ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларига ўзгартириш киритилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилади.

Муҳокама учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидалари 29-бандидаги “Руҳий бузилишлари мавжуд бўлган шахслар” деган сўзлар “Руҳий ҳолати бузилган шахслар” деган сўзлар билан алмаштирилади.

30-банддаги “Руҳий касалликка чалинган шахсларга” деган сўзлар “Руҳий ҳолати бузилган шахсларга” деган сўзлар билан алмаштирилади.

Қуйидаги мазмундаги 168-1-банд билан тўлдирилади:

“168-1. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар тергов ҳибсхонасининг маъмурияти ҳукм қонуний кучга кирганлиги тўғрисида суд хабарномасини олган кундан бошлаб ўн кунлик муддат ичида жазони ўташ учун жўнатилади.

Ушбу муддат давомида маҳкум:

қариндошлари ёки бошқа шахслар билан бир марта қисқа муддатли учрашиш;

ўз шахсий маблағлари ҳисобидан тўланадиган, ўн беш дақиқа давом этадиган бир марта телефон орқали сўзлашиш ҳуқуқига эга.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар суд ҳукми билан белгиланган режимнинг турига мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларига жўнатилади.

Қисқа муддатли учрашув ва телефон орқали сўзлашув тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб-қоидаларида белгиланган тартиб асосида амалга оширилади.”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид