Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 21 декабрь куни ижтимоий тармоқларда шахси номаълум икки аёлнинг ўзаро суҳбати ёзилган аудиоёзув тарқалди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда суҳбатдошлар Дилором исмли боғча мудирасини ишдан олиш бўйича ғаразли ниятларини болаларни оммавий заҳарлаш орқали амалга оширишни муҳокама қилади.

«Болаларни кучли «отравление» қиладиган бирон нима топиб, гўшт ичига солиш керак. Биляпсизми, Бекобод шаҳрида тинимсиз шунақа чиқяпти, [натижада] мудирларни ишдан олиб ташлаяпти-ку. Юз фоиз кетади мудираси ҳам, завхози ҳам, ўзи ҳам... Ҳаммаси жавобгарликка тортилади. Бирор-бир врач танишингиз йўқми?», – дейди аёллардан ёшроғи.

У суҳбатдошининг қизи аптекада ишлашини айтар экан, қизининг маслаҳатини олишга кўндиришга уринади.

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати айни телефон суҳбати иштирокчиларидан бири Сожида Каримқулова билан бўлиб ўтган суҳбатни Kun.uz’га тақдим этди.

Унда болаларни заҳарлаш режаси инсоний ахлоқ тамойилларига умуман тўғри келмаслиги таъкидланиб, шов-шувли телефон суҳбати қандай бўлганига доир тафсилотлар эълон қилинган.

Тошкент вилояти, Бекобод тумани, Мирзо Бобур маҳалласида истиқомат қилувчи С.Каримқулованинг сўзларига кўра, у жиянини боғчага қайта ишга тиклаш учун саъй-ҳаракатлар қилиб юрган вақтида Феруза Султонова деган аёл билан кўришиб, танишиб қолган.

«У боғча мудираси ва бошқарма бошлиғидан норози эканини, чунки уни ноҳақдан ишдан бўшатиб юборганини айтди. Иккиси мени ишдан ҳайдаган, деди. Мен ҳам жиянимни икки ойдан бери ишга жойлаштира олмаётганимдан хафалигимни билдирдим. Телефон рақамимни олди. Икки кундан кейин, боғча болаларини заҳарлаб, мақсадга етишишни, улар ишдан кетиши, у ишга тикланиши, жияним ишга киришини айтиб, қўнғироқ қилди», - дея тафсилотлари билан ўртоқлашди С.Каримқулова.

Сожида опанинг айтишича, у Ферузанинг таклифидан довдираб қолган, бироқ суҳбатини бузмасдан тинглаган.

«Менинг набираларим ҳам ўша боғчага борар эди. Қандай бу ишга рози бўлишим мумкин, ахир?! Ферузанинг бундай ниятини билгач, у бошқа боғчаларда ҳам шундай кор-ҳол қилмасин, бунинг олдини олиш керак, деган ўй билан аудиоёзувни туман ҳокимлигига олиб бордим», - деб сўзлайди Сожида опа.