Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 январь куни қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.
Мажлисда қайд этилган камчиликларни ва берилган кўрсатмаларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, айтиш керакки, барча соҳаларда бўлгани каби қурилишлар йўналишида кечаётган жараёнлар, умуман, мамлакатда ўтказилиши эълон қилинаётган кенг кўламли комплекс ислоҳотлар тақдирига боғлиқдир. Ҳаққоний парламент, мустақил суд ва оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти ва ростакамига йўлга қўйилган жамоатчилик назорати, коррупцияга қарши муросасизлик муҳитисиз ислоҳотлар амалга ошиши даргумондир. Иқтисодий ислоҳотлар тақдири сиёсий, маъмурий, мулкий ислоҳотларсиз амалга ошмаслиги аён ҳақиқатдир.
Энг муҳим масалалардан бири мамлакатда монополияга ва коррупцияга қарши курашдир.
Қурилиш соҳасида нималардан нолиймиз? Малакасиз ишчилар, сифатсиз материаллар, пала-партишлик, назоратсизлик... Шу муаммоларнинг илдизига қарайлик. Ҳаммаси бюджетдан пул ажратилганда бошланади.
«Давлатнинг пули, давлатдан ўмарса бўлаверади, давлатнинг пули кўп ва қайтиб сўрайдигани йўқ...» деган аслан нотўғри тафаккур бор. Давлатнинг бюджети пули аслан биз тўлаган солиқлардан, божлардан, тўловлардан тўпланган пулдир.
Давлатнинг ўз бизнеси бор, албатта. Масалан, «Ўзбекистон ҳаво йўллари», «Ўзавтосаноат», «Ўзбекистон темир йўллари» ва бир қанча давлат улуши бор корхоналар – давлат улушига эга бу хўжалик субъектларига келсак, уларнинг ҳаммаси, берилган имтиёзлар ва устуворликларга, монопол шароитларга қарамасдан, банкротлик ҳолатидалигини, солиқ, бож имтиёзларисиз яшай олмаслигини айтади, яъни биз бюджетга озгина топганимиздан солиқ тўлаймиз, бу улкан корхоналар миллиардлаб айланмасидан солиқ тўламайди. Давлат кучли бизнесмен эмаслиги аёндир ва бунинг илдизи ҳам «давлатникини ўмарса бўлади» деган кайфиятда ўтирган давлат корхонасининг мутасаддиларидир. Инсон мулки ва хусусий корхонаси бўлганда, хусусий мулкчилик ва тадбиркорликка кенг йўл қўйилганда бу суиистеъмолчиликлар бўлмасди, инсон ўзи ўзиникини ўмармайди.
Масалан, инсон ўзи учун уй қурса, уни пала-партиш қурадими?! Ахир, унда фарзандлари яшайди-ку? Болаларини том босиб қолса, нима бўлади?! Қурилишга ажратган ўз пулини ўмариш, «откат» олиш учун икки ғиштли ерга бир ғишт қўйиб, томни арматурасиз плитадан қурадими?! Йўқ! Асло! Ижтимоий тармоқда қурилиш ташкилоти ичида арматурасиз бетон плиталардан қураётган уй видеотасвирини кўрдик-ку...













