Ўзбекистон | 08:11 / 22.01.2020
25480
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Россиянинг яна бир университети филиали очилади

Фото: Pinterest

2020 йил 21 январ куни Санкт-Петербург шаҳрида А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида Тошкент шаҳрида Герцен номидаги РДПУ филиалини ташкил этишга доир Келишув имзоланди. 

Филиал Ўзбекистон таълим муассасалари учун мактабгача таълим, коррекциявий педагогика, психология ва бошқа юқори малакали кадрларни таълим дастурлари ва умум тан олинган халқаро талабларга мувофиқ етказиб беради. Келишувда филиалнинг 2020/2021 ўқув йилидан ишга туширилиши назарда тутилган. 

Филиал бакалавриат ва магистратурадан ташқари, малака ошириш ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш дастурларини ҳам ҳаётга татбиқ этади. Унда кадрларни таълимнинг кундузги ва сиртқи, шунингдек, таълимнинг аралаш шаклида (blended learning) тайёрлаш режалаштирилмоқда. 

Филиал битирувчиларига Герцен номидаги РДПУни тугатганлиги тўғрисида диплом берилади. У Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади. 

Герцен номидаги РДПУга 1797 йилда асос солинган бўлиб, Россиянинг етакчи олий педагогика муассасаси ҳисобланади. Университет таркибига бешта илмий-тадқиқот институти,, 12та институт (шу жумладан, Болалик институти, Дефектологик таълим ва реабилитация институти, Театр, мусиқа ва хореография институти ва б.), 11 факультет киради. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид