Ўзбекистон | 21:45 / 26.01.2020
36768
19 дақиқада ўқилади

Президентнинг парламентга мурожаати, Россиянинг янгиланган ҳукумати, оғир аҳволда қолган Хитой ва ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

Якунланган ҳафта Ўзбекистон ҳаётида қизғин кечди. Аввалига 20 январь куни президент иштирокида Қонунчилик палатасида ва Сенатда алоҳида йиғилиш ўтказилди, 21 январь куни палаталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди, 24 январь куни эса президент анъанавий равишда парламентга мурожаат йўллади.

Президент янгиланган Сенатнинг илк ялпи мажлисида ЕОИИга аъзолик ҳақида гапирди, қуйи бўғинни танқид қилди, «Нархоз» университетининг собиқ раҳбариятини нохуш кайфиятда эслади, Қонунчилик палатасидаги йиғилишда эса, журналистларни ёқтиришини айтди, бир неча депутатни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатди, ташқаридаги мухолифатга рухсат бермаслигини яна бир бор таъкидлади, бошқа депутатларга дадил бўлишни тавсия қилди, керак бўлса вазирларни ишдан олишга таклифлар беришни сўради ва ўзи учун таклиф қилинган унвонни рад қилиб, «Энг катта унвон — халқ ишончи» эканини маълум қилди.

21 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида чиқиш қилган президент қоғозбозликка берилиб, амалий натижани кейинги ўринга тушириб қўйган раҳбарлар билан хайрлашилиши, аҳоли даромадини 2 баравар ошириш янги ҳукумат олдидаги муҳим вазифа бўлиши ҳақида гапирди, раҳбарларга қотган нон ейишса ҳам одамларга ўрнак бўлишни тавсия қилди ва мамлакатдаги бошқа муаммолар ҳақида айтиб ўтди. Шу йиғилишда Абдулла Арипов бош вазир лавозимига тасдиқланди. Ўзбекистон ҳукуматига ЯИМ ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

24 январь куни эса узоқ кутилган парламентга мурожаатномаси бўлиб ўтди.

Президент 2020 йилни — Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилди.

Яқин икки йилда барча қишлоқ ва маҳаллалар тезкор интернет билан таъминланиши маълум қилинди.

Таълим ҳақида:

  • мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамрови 25 фоиздан 50−60 фоизга етказилади;
  • ОТМ давлат гранти асосида қабул икки баробар оширилади, шунингдек, қизлар учун алоҳида давлат грантлари жорий этилади;
  • ўқишга кириш соддалаштирилади;
  • она тили бўйича билимларни баҳолашнинг миллий тест тизими пайдо бўлади;
  • мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони икки бараварга камаяди;
  • олий таълим ўқув жараёнида кредит-модул тизими жорий этилади;
  • педагогик таълимнинг 6та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланади;
  • 10та ОТМ ўзини-ўзи молиялаш тизимига ўтиб, камида 5та ОТМ трансформация қилинади.

Прописка ҳақида
«Асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжуд. Бунинг ечими — ички миграцияни эркинлаштиришдир. Шу боис, парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим», деди президент.

Камбғаллик ҳақида
Ўзбекистонда Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда кам таъминланган аҳоли сони 12−15 фоизни (4,5−5 млн киши) ташкил этади. Охирги 2 йил ичида ижтимоий нафақа олувчилар сони 1,3 баробарга кўпайди, нафақалар миқдори 2 баробарга ошди.

Лекин кам таъминланган аҳолига ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки улар миқдорини ошириш орқали ушбу муаммо тўлиқ ечилмайди. Шунинг учун Жаҳон банки, БМТнинг Тараққиёт Дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга Ўзбекистонда Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади.

Банк тизими ислоҳоти ҳақида

Банк тизимини ривожлантириш бўйича қатъий чоралар кўрилиши керак. Банк тизими рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича 10-15 йил ортда қолмоқда. Давлат банклари босқичма-босқич халқаро инвесторларга сотилади. Жорий йилда Миллийбанк ва Ипотека-банк ҳам ўз евробондларини чиқаради. Кредит тарихи ахборот тизими тўлиқ ишга туширилади. Ҳеч ким — на Вазирлар Маҳкамаси, на ҳокимият банк ишига аралашиши керак эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада давлат улушига эга бўлган банклар босқичма-босқич стратегик инвесторларга сотилиши ҳамда соҳа учун замонавий кадрлар тайёрлаш мақсадида, Банк-молия академияси хорижий мутахассислар билан биргаликда тўлиқ қайта ташкил этилишини маълум қилди.

Ўзбекистонда Экспорт-кредит агентлиги ташкил этилади. Шунингдек, экспорт қилишда замонавий суғурта хизматлари жорий қилинади, автомобиль ва ҳаво транспорти харажатларини қисман давлат томонидан қоплаб бериш механизми жорий қилинади. Кўп илғор давлатларда (Жанубий Корея, Хитой, Россия ва бошқалар) Эксимбанклар фаолият кўрсатишади. Уларнинг асосий вазифаси – экспорт қилувчи корхоналарга молиявий ёрдам кўрсатиш. Худди шундай ташкил қилинаётган Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси экспортёрларнинг харажатларини қисман қоплаш ёки экспорт шартномаларида кафил сифатида иштирок этади. Экспорт кредит агентлиги эса экспорт ва экспортолди жараёнларни молиялаштириш билан шуғулланади.

Телеграмдаги bakiroo канали муаллифи президентнинг банклар ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.

«Президент Мурожаатномада ҳеч ким, на Вазирлар Маҳкамаси, на ҳокимият банк ишига аралашиши керак эмас, демоқда.

Тўппа-тўғри. Бу талаб «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунда ҳам, кейинги йилларда қабул қилинган қатор Президент қарорлари, фармонларида ҳам ёзиб қўйилган. Ўзимиз белгилаган қоидаларга ўзимиз амал қилсак кифоя. Шунисига келганда эса жудаям қийналамиз», дея ёзади у.

Яна бир бор ЕОИИ ҳақида

«Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиши бўйича масалалар ўрганилмоқда. Биз, албатта, ушбу жиддий масалада, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таянамиз. Шунинг учун халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторларимиз парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган хулосаларини айтишлари керак. Вазирлар Маҳкамаси ушбу йўналишдаги таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишларини якунлаб, тегишли хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига тақдим этсин.

Шу билан бирга, биз Жаҳон савдо ташкилоти билан бошланган мулоқотимизни, ҳамда Европа Иттифоқи билан Ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги янги битимни тузиш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз. Шунингдек, биз бошқа халқаро ва минтақавий иқтисодий ташкилотлардаги иштирокимизни, янада кучайтирамиз», деди президент.

Телеграмдаги davletovuz канали муаллифи президентнинг парламентга мурожаатидаги алоҳида жиҳатларга эътибор қаратди.

Биринчидан, ростини айтиш керак, мурожаат мазмунли, мантиқли тайёрланган ҳамда одамларни ўйлантираётган муаммоларга давлатнинг ёндашувини аниқ-тиниқ кўрсатиб беради. Яъни одамларнинг муаммолари, рус тилида айтганда, “точечный” эмас, балки тизимли ёндашув асосида ҳал қилинади. “Колхозча” ёндашувлар, назаримизда, ортга чекинган. Популистик ваъдалар жуда кам — бори ҳам бир неча шахснинг манфаатларига эмас, балки умуммиллий манфаатларга (таълим) қаратилган. “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоя шу негизда олинган бўлса керак. Яна бир масала: бутун мурожаат мантиқан боғланган ва битта линияни ушлайди. 

Иккинчидан, мурожаат янги Ўзбекистон қайси йўлдан бориши бўйича яна бир марта олий даражада эслатилаяпти. Охирги сайловлар ва бошқа воқеалар фонида юзага келган шубҳаларга қатъий жавоб бериш мақсад қилинган. Демократик ривожланиш йўлидан қайтилмаслиги, коррупцияга қарши кураш долзарблигини йўқотмаслиги, очиқ бозор ва интеграция — гарчи жузъий акс хатти-ҳаракатлар кўзга ташланаётган бўлса-да — доимий равишда таъкидланиши халқаро ҳамжамият учун яхши сигнал.

Учинчидан, ҳали ҳам сиёсий ислоҳотларга бошқа соҳалардаги ислоҳотлар контексида қаралаяпти. Яъни йил номига монанд равишда аввал ҳаёт-мамот масаласи бўлган таълим, сўнг иқтисодий ислоҳотларга устуворлик берилмоқда. Қизиқ тарафи, таълим ислоҳотлари йил номи муносабати билан бирламчи бўлдими ёки ҳақиқатан ҳам, таълим Ўзбекистонни ривожлантиришнинг асоси сифатида қаралдими  — вақт кўрсатади. Таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича прогрессив чора-тадбирлар таклиф этилди. Муҳими ҳам шу.

Тўртинчидан, жорий йилги мурожаатда қисқа муддатли таъсирга эга бўлган, бир марталик, айниқса, фуқаролар ва тадбиркорлар учун имкониятлар тенглигига раҳна соладиган чора-тадбирлар камлиги кўзга ташланади. Бўлар-бўлмас имтиёзлар берилиши ҳақидаги гап-сўзлар қарийб учрамади. Имтиёзларнинг аксарияти субсидия ва бошқа инструментлар билан алмаштирилган. Давлатнинг ижтимоий функцияси мақсадли молиялаштириш асосида бажариладиган бўлаяпти. 

Бешинчидан, Ўзбекистоннинг олдида турган энг долзарб вазифа — қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича эски ёндошувлар ўзини оқламагани янги таклифлар асосида тан олинган. Аграр тармоқни ислоҳ қилиш бўйича ягона тўхтамга келинган. Бу бозор талаби, давлатнинг чеккага чиқиши ва самарали менежментни жорий қилиш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг янгиланган ҳукумати

21 январь куни амалдаги бош вазир Абдулла Арипов номзоди Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қарорлари билан бош вазирлик лавозимига тасдиқланганди.

24 январь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони имзоланди. Унга кўра, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов лавозимини сақлаб қолган, бош вазир ўринбосарларидан бири бўлган Элёр Ғаниев Транспорт вазири лавозимига ўтказилган (аввал бу вазирликка ҳам Очилбой Раматов масъул эди, энди Ғаниев бош вазир ўринбосари эмас), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тугатилган (унга Абдулазиз Оққулов раҳбарлик қилиб келаётганди), янги лавозим – Бош вазирнинг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозими жорий этилиб, унинг раҳбарлигини Азиз Абдуҳакимов эгаллаган, Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова лавозимини сақлаб қолишган. 

Бундан ташқари, яна икки лавозим жорий этилган - Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари ҳамда Бош вазирнинг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари. Ҳозирча бу лавозимлар бўш қолмоқда.

Ўз навбатида, 22 вазирликнинг 20тасида аввалги вазирлар лавозимларига қайта тасдиқланган, қолган 10та қўмита раҳбариятида ҳам ўзгаришлар йўқ, президент фармони билан сенатор этиб тайинланган Бахтиёр Сайфуллаев ўрнига Озодбек Назарбеков тайинланган, президент фармони билан сенатор этиб тайинланган Турсинхан Худайбергенов ўрнини Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ким эгаллаши ҳозирча номаълум.

Россияда янги ҳукумат

22 январь куни Россиянинг янги бош вазири Михаил Мишустин президент Владимир Путинга янги ҳукуматни тақдим этди.

Янгиланган Вазирлар Маҳкамасида аввалги 10 нафар ўрнига 9 нафар бош вазир ўринбосари бўлади. Улардан уч нафари — Татьяна Голикова, Юрий Борисов ва Юрий Трутнев ўз лавозимларини сақлаб қолган. Яна олтитаси эса янги кадрлар: Алексей Оверчук (Федерал Солиқ хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари), Виктория Абрамченко (Росреестрнинг собиқ раҳбари), Дмитрий Чернишенко (Газпром Медиа собиқ бош директори), Дмитрий Григоренко (Федерал Солиқ хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари), Марат Хуснуллин (Москва мэрининг собиқ ўринбосари). Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига эса илгари президент ёрдамчиси бўлиб ишлаган Андрей Белоусов тайинланди.

Шимолий Кавказ ишлари вазирлиги тугатилди, қолган 21та идорадан 9тасида раҳбарлар алмаштирилди.

  • Максим Орешкин ўрнига Иқтисодий ривожланиш вазирлигини илгари Перм ўлкаси губернатори бўлган Максим Решетников бошқаради.
  • Росздравнадзорнинг собиқ раҳбари Михаил Мурашко соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди, бу вазирликни аввал Вероника Скворсова бошқарган.
  • Владимир Мединский ўрнига Маданият вазирлигини Маданият вазирлигининг кинематография департаментининг собиқ раҳбари Олга Любимова бошқаради.
  • «Ростелеком» вице-президенти бўлиб ишлаган Максут Шадаев рақамли ривожланиш, телекоммуникациялар ва оммавий коммуникациялар вазири лавозимига тайинланди, бу лавозимда шу вақтгача Константин Носков фаолият кўрсатиб келаётган эди.
  • Максим Топилиннинг ўрнига молия вазирининг собиқ ўринбосари Антон Котяков меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири бўлди.
  • Маърифат вазирлигини Рособрнадзорнинг собиқ раҳбари Сергей Кравсов бошқаради, илгари бу лавозимда Олга Василева ишлаган.
  • Россия фан ва олий таълим вазири лавозимига Михаил Котюков ўрнига Тюмен давлат университети ректори Валерий Фальков тайинланди.
  • Спорт вазири лавозимига Талабалар спорти федерациясининг президенти Олег Матицин Павел Колобков ўрнига тайинланди.
  • Адлия вазирлигида Александр Коновалов ўрнига Константин Чуйченко раҳбар бўлди. Адлия вазирлигининг янги раҳбари аввалроқ ҳукумат аппаратини бошқарган.

Қолган 12 вазир ўз лавозимларини сақлаб қолди, улар орасида Мудофаа вазири — Сергей Шойгу, Ички ишлар вазири —  Владимир Колокольцев, Ташқи ишлар вазири — Сергей Лавров, Саноат ва савдо вазири Денис Мантуров, Транспорт вазири — Эвгений Дитрих, Энергетика вазири — Александр Новак, Қишлоқ хўжалиги вазири — Дмитрий Патрушев.

Хитойдаги ўлим вируси

Хитой ва Жануби-Шарқий Осиёда янги коронавирус келтириб чиқарган пневмония тарқалиши давом этмоқда. Хитой ҳукумати бу вирус эпидемияга айланиб кетмаслиги учун зарур чораларни қўлламоқда: катта-катта шаҳарлар ташқи дунёдан узиб ёпиб қўйилган, авиарейслар ва темир йўл поездлари қатновлари тўхтатилган, янги йил тадбирлари бекор қилинган, барча хавфсизлик чораларини кўриш учун сафарбар қилинган. Лекин 25 январь куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин давлат телеканаллари орқали мамлакат оғир аҳволда эканлигини айтди.

«Биз хавфли вазиятга дуч келдик, янги коронавируснинг тарқалиши тезлашмоқда. Биз касалликка қарши курашни ва уларнинг олдини олишни доимий равишда кучайтирмоқдамиз. Бироқ ҳозир биз жамоат соғлиқни сақлаш тизимида жиддий фавқулодда инқирозга дуч келдик», деган Си Цзиньпин.

Айни пайтга келиб Хитойда камида 2002 киши янги коронавирус қўзғаган пневмония билан касаллангани тасдиқланди. Яна деярли 2,7 минг кишида ушбу ташхис гумон қилинмоқда.

26 январь ҳолатига вирусдан ҳалок бўлганлар сони 56 кишига етган.

Ўзбекистонда вирус ҳозирча йўқ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига асосланиб коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетиш хавфи камлиги, жиддий хавотирга ҳожат йўқлиги билдирганди.

23 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ўтказган матбуот анжуманида республикага кириб келишнинг барча йўналишлари бўйича эпидемиологик назорат ўрнатилгани, барча чегара пунктлари керакли жиҳозлар, жумладан тепловизорлар билан таъминлангани ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ухань шаҳрида 30дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси бўлиши мумкинлигини маълум қилган.

25 январь куни ўтказилган Халқаро пресс-клуб сессиясида иштирок этган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ухандаги ўзбекистонликлар ватанга олиб келиниши мумкинлигини айтган эди. Аммо кейинроқ Хитой ҳукумати ҳеч қайси давлатга фуқароларини эвакуация қилишга рухсат бермаётгани маълум қилинди.

Туркиядаги зилзила

24 январь куни кечқурун Туркия шарқида кучли зилзила юз бериши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди. Яна 1600дан ортиқ киши турли даражадаги жароҳатлар билан шифохоналарга ётқизилган.

Жума куни маҳаллий вақт билан соат 20:55да бошланган 6,8 балли зилзила 15 сония давом этган, шунингдек, кучи 3,3 баллдан 5,4 баллгача бўлган афтершоклар қайд этилган. Зилзила ўчоғи Элязиғ провинциясидаги Сивриж шаҳри яқинида, 6,7 км чуқурликда жойлашган. Зилзила оқибатида бинолар вайрон бўлди, одамлар уйсиз қолди.

Ҳукумат маълумотига кўра, шу вақтгача харобалар остидан 45 киши қутқариб олинган, яна камида 20 киши вайроналар остида қолаётган бўлиши мумкин.

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси берган маълумотга кўра, зилзила оқибатида вафот этган ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

Ҳукумат қандай чоралар кўрмоқда?
Жабрланган ҳудудларга юзлаб юк машиналарида инсонпарварлик ёрдамлари жўнатилмоқда - озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, кўрпа-тўшак ва палаткалар. Бу ҳудудда ҳарорат тунда минус даражага тушиб кетмоқда. Шанба куни кечқурун -8 даража совуқ қайд этилди.

TRT давлат телеканали шанба куни эрталабдан Элязиғ провинциясидан репортажлар бера бошлади, у ерда қутқарувчилар туни билан тўрт қаватли уй харобалари остидан жабрланувчиларни олиб чиқиш ишлари билан шуғулланишди.

Қутқарувчилар аввалига қуруқ қўл билан ишлашди, кейинроқ чекка ҳудудга техникалар етиб келди.

Хабар қилишларича, зилзиладан 19 соат ўтгандан кейин ҳам харобалар остидан бир аёл тирик ҳолда топилган. Яна бир аёл қариндошларига телефон орқали қўнғироқ қилганидан кейин топилди. Харобалар остидан олиб чиқилган 12 ёшли бола шифохонада жон берди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Элязиғ вилоятида содир бўлган зилзила оқибатида қурбон бўлган она ва унинг ўғлининг жаноза маросимида қатнашди.

«Биз кўплаб зилзилаларни бошдан кечирганмиз, аммо халқимиз сабр билан тик туриб келган», - деди Эрдўған. 

У давлат одамларни қутқариш устида оператив тарзда ишлашига ва инфратузилмани тиклашга ваъда берди.

«Зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда ҳеч кимнинг уйсиз қолишига йўл қўймаймиз», - деди у.

Ер ости силкинишлари Сурия, Ливан, Ироқ ва Эрон ҳудудида ҳам сезилган.

Туркияда кучли зилзилалар бўлиб туради. 1999 йилда Измит шаҳрида рўй берган 7,6 балли ер ости силкиниши оқибатида 17 минг киши ҳалок бўлганди.

Бугунги зилзиладан жабрланган ҳудуд пойтахт Анқарадан 550 километр шарқда жойлашган. Бу ҳудудда аҳоли сийрак яшайди ва шу туфайли талофатлар ҳақидаги маълумотлар узилишлар билан келмоқда.

Сивриж шаҳрида 4 мингга яқин киши яшайди, Тигр дарёси манбаси бўлган Ҳазар кўли ёқасида жойлашган бу шаҳар туристлар орасида машҳур ҳисобланади.

Мавзуга оид