Ўзбекистон | 12:35 / 05.02.2020
7346
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазири жазони ижро этиш муассасалари вазирлик тасарруфига ўтиши эҳтимолини истисно этди

Адлия вазири Русланбек Давлетов журналист ва блогерлар билан учрашувда жазони ижро этиш муассасалари адлия вазирлиги тасарруфига ўтмаслигини маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

«Жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини ислоҳ қилиш учун унинг қайси ташкилотнинг тасарруфида бўлиши аҳамиятсиз. Бошқа давлатлар тажрибасини кўрадиган бўлсак, ЖИЭМ худди биздагидек ИИВ таркибида фаолият юритадиган моделлар ҳам бор. Бу муасссасалар Адлия вазирлиги қошида ишлаётган моделлар ҳам бор, Тожикистон, Россия, умуман, кўп жойда шунақа», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирдан дастлабки суриштирув ёки тергов билан ҳам, изоляторда сақлаш билан ҳам, жазони ижро этиш муассасасида сақлаш билан ҳам битта орган шуғулланиши кўп ҳолларда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлиб қолаётгани, ўзини тийиб туриш мувозанати бузилаётгани, гумонланувчиларни қийноққа солиш ҳолатлари учраётгани, шу маънода ЖИЭМ адлия тизимига ўтказилса, тергов ва бошқа жараёнларда инсон ҳуқуқлари бузилишининг олди олиниши ҳақида сўралди.

«Бунинг устидан назорат бор. Прокурор назорати бор, жамоатчилик назорати бор. Президент қарорининг преамбуласида шу соҳадаги муаммолар, қийноқлар масаласи алоҳида қайд этиб ўтилди – бу ҳеч қачон бўлмаган нарса.

Қолаверса, жазони ижро этиш муассасалари тизимида ҳам ислоҳотлар юз берди. Бу тизим муаммосиз бўлган бирор бир давлатни айтолмайман. Сиз айтаётган манфаатлар тўқнашуви бўлмаган давлатлардаям муаммолар бўляпти-ку? Бу тузилма қайси давлат органининг қошида бўлишидан қатъи назар уни ислоҳ қилиш мумкин. Шу сабабли ЖИЭМни адлияга олиш ниятимиз йўқ», дея таъкидлади Русланбек Давлетов.

Вазир жазони ижро этиш, тергов ва ҳибсхоналарда қонунбузилиш ҳолатларини назорат қиладиган тизим мавжуд экани, шу боис бу борада ортиқча хавотирларга ўрин йўқлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Русланбек Давлетов «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» мунозара клубининг сессияда ҳам жазони ижро этиш муассасаларининг Адлия вазирлиги тизимига ўтказилиш эҳтимоли ҳақида фикр билдирган эди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид