Туркиянинг энг нуфузли университетларида бепул ўқиш дастури учун ҳужжатлар қабули давом этмоқда
Туркиянинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида мутлақо бепул таълим олиш учун ҳужжатлар қабули 20 февралгача давом этади. Таълим грантлари бакалавриат, магистратура, докторантура каби академик даражалар учун бирдек қабул қилинади. Грант танланган йўналиш бўйича ўқув муддати, турк тилини ўрганиш ўқув курсини (1 йил) ва бошқа харажатларни ўз ичига олади.
4 февраль куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқида Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ва ЁИ Марказий кенгаши мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Туркия олий таълим масканларида бепул таълим грантларига бағишланган тадбирда Хорижий турклар ва қардош жамоалар бошқармаси бошлиғи Аҳмад Атабаш раҳбарлигидаги делегация ҳам иштирок этди.
Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, анжуманда «TÜRKİYE BURSLARI 2020» давлат дастурига доир ахборот берилиб, Туркия ҳукумати таълим грантларига ўзбекистонлик ёшлардан ҳужжатлар қабули давом этаётгани эълон қилинди. Ҳужжатлар 20 февралга қадар қабул қилинади.
Таъкидланишича, грант соҳиби бўлган ёшлар Туркиядаги энг нуфузли университетларда тўлиқ бепул олий таълим олиш имкониятини қўлга киритади.
Ҳужжатлар кўрсатилган санагача https://www.turkiyeburslari.gov.tr/ веб-саҳифаси орқали онлайн қабул қилинади. Бунинг учун мурожаат этувчи зарурий маълумотлар ва ҳужжатларни олдиндан тайёрлаб қўйиши ва онлайн юклашлари керак.
Бакалавр йўналишига ҳужжат топширувчилар ўрта мактаб, академик лицей ёки коллеж битирувчиси бўлиши ва диплом ёки аттестатидаги баҳолар умумий кўрсаткичи 70 балл ва ундан юқори бўлиши зарур. Шундагина улар кейинги танлов босқичига чиқишади.
Бу сафар грант соҳиблари юзма-юз мулоқот орқали аниқланади. Ҳужжат топширганлар сони ҳаддан ортиқ кўпчиликни ташкил этган тақдирда, улардан ёзма имтиҳон олиниши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Хўш, Туркия ҳукумати давлат грантлари қандай харажатларни ўз ичига олади?
Хорижий турклар ва қардош жамоалар бошқармаси бошлиғи Аҳмад Атабашнинг сўзларига кўра, грант соҳиби бўлганлар бир марта бориш ва таҳсилни тугатгандан кейинги авиачипта, бир йиллик турк тили ўқув курси, таълим тўловлари, турар жой, ойлик стипендиялар, барча тиббий муассасаларда қабул қилинадиган умумий тиббий суғурта билан таъминланади.
Шунингдек, бу йилги грант дастурида талабгорлардан 4 минг кишига грант ажратилиши маълум қилинди.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
21:21 / 17.10.2024