Дин ишлари бўйича қўмита 3 февраль куни 2020 йил учун умра зиёрати нархи 13 млн. 20 минг сўм этиб белгиланганини хабар қилди. Бунгача зиёратчилар учун умрага бориб келиш 12 млн 500 минг сўмга тушаётган эди. Нарх ошиши 2020 йил 1 январдан Саудияга борувчи барча мамлакат фуқароларига тиббий суғурта учун 189 саудия риёли (50 доллар) давлат божи жорий қилингани сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳаж ва умра масалалари бўйича республика жамоатчилик кенгашининг телеграм каналида келтирилишича, ушбу қўшимча тўлов умра ва ҳаж визалари учун амалда бўлади.
Бироқ Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган хусусий турфирмалар вакилларининг айтишича, белгиланган нархни зиёратчиларга яратиладиган шарт-шароитларга қараб 11 миллиондан 8 миллионгача тушириш мумкин. Бунинг учун хусусий туризм субъектларининг умра зиёратини ташкиллаштиришларига қўйилган сунъий тўсиқлар олиб ташланса кифоя. Улар айни пайтда ушбу йўналишда рақобат йўқлиги сабабли ҳам ҳозир нархлар қўшни мамлакатлардаги билан солиштирганда нисбатан қиммат эканини таъкидлашмоқда.

«Vast Travel» МЧЖ директори Мансуржон Расулжонов бу муаммолар Дин ишлари бўйича қўмита билан боғлиқлигини маълум қилди.
«Аслида умра зиёрати билан шуғулланишимиз учун қонунан ҳеч қандай тақиқ йўқ. Туризм фаолияти билан шуғулланиш учун лицензиямиз бор. Ўзбекистондан ташқари барча мамлакатларда ҳаж ва умра зиёратини ташкиллаштириш билан туроператорлар шуғулланишади. Аммо фақат бизда эмас. Зиёратчиларни умра сафарига олиб боришимиз учун виза расмийлаштиришимиз керак. Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги элчихонаси виза сўраб борган ҳар қандай турфирмага рад жавоби беряпти», дейди у.

«Luxe Tour» хусусий сайёҳлик фирмаси раҳбари Алихон Ҳамидов четдан қараганда жараён силлиқлиги, турфирмаларнинг умра зиёратини ташкиллаштириши учун қонунан ҳеч қандай тақиқ йўқдай кўриниши, аммо туроператорлар умра визасини олиш учун элчихонага ва Тошкент-Жидда йўналишида жорий этилган мунтазам авиақатновлардан фойдаланиш учун «Uzbekistan Airways» миллий авиакомпаниясига мурожаат қилинганда тақиқлар мавжудлигини сезишлари ҳақида айтиб ўтди.











