Diamond Princess камида 19 февралгача карантинда қолади / GETTY IMAGES

Лайнердаги йўловчиларнинг жами сони 3700 кишига яқин - 2700 йўловчи ва кема экипажининг мингга яқин аъзоси. Кема яна икки ҳафтага яқин вақт давомида карантинда бўлади.

Ушбу кема 20 январь куни Йокогама шаҳридан Кагосима-Ҳонгконг-Окинава йўналиши бўйича икки ҳафталик круизга жўнаган. Саёҳат 4 февралда тугаши керак бўлган. 

Бироқ 20 январь куни кемага чиқиб, 5 кун ўтгач Ҳонгконгда қирғоққа тушган йўловчилардан бири, ҳонгконглик 80 ёшли пенсионерда вирус аниқлангач, бортдагиларнинг барчасини ёппасига текшириш бошланди. 

Бу ҳолат ҳақда Япония ҳукумати хабардор қилингач, круиз 3 февраль куни Йокогамага қайтганида унга портга киришга рухсат берилмаган.

Худди шу вақтда яна бир круиз лайнер Ҳонгконг яқинида карантинга олинди, унинг қирғоққа тушган йўловчиларидан 8 нафарида коронавирус аниқланган. «Уорлд дрим» бортида қолган 3600 кишида ҳозирча вирусдан зарарланиш ҳолати тасдиқланмади.

Британия-Америка компаниясига тегишли бўлган «Уэстердам» лайнерига ҳам япон портларига кириш тақиқланган, ҳолбуки унинг бортида вирусдан зарарланиш ҳолати ҳақида маълумот йўқ.

Йўловчиларнинг айтишича, карантиндаги шароитлар идеал эмас / GETTY IMAGES

Айни вақтга келиб Япония ҳудудида коронавирусни юқтириб олганлар сони 86 кишини ташкил этмоқда. Бу Хитойдан ташқаридаги ҳудудлар бўйича энг юқори кўрсаткичдир.