7 февралдан қўшни республикаларда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ўқишини маҳаллий ОТМларга кўчириш бўйича аризалар қабули бошланди.

Қабул 8 кун давом этади. Бунда ҳеч қандай қўшимча талаблар ва синовларга йўл қўйилмаслиги эълон қилинган. Натижада қўшни давлатларда ўқиётган кўплаб ўзбек талабалари бу янгиликни катта хурсандчилик билан қабул қилди.

Аммо куннинг иккинчи ярмига бориб, ижтимоий тармоқларда, шу жумладан Kun.uz саҳифаларига турли эътирозли фикрлар кела бошлади. Талабалар айрим қўшни давлат олийгоҳлари уларга ҳужжатларини бермаётганини айтишмоқда.

Мурожаатларда айтилишича, асосан Қирғизистон ва Қозоғистон Республикасидаги ОТМлар талабалардан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги рухсатномасини талаб қилишмоқда. Яна айримларида ҳужжатни олиш учун ярим йиллик контракт тўловини тўлаб бериш шарти қўйилган.

Kun.uz мухбири бу мурожаатлар бўйича аниқ маълумот олиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи Фарход Бабашев билан боғланди.

«Бу борада менга ҳам турли мурожаатлар етиб келмоқда. Бу – Ташқи ишлар вазирлиги ваколатидаги масала. Бу масала Ўзбекистон Республикасининг қўшни давлатлардаги элчихоналари ва ваколатхоналари орқали ҳал қилинади.

Олий таълим муассасалари ўқиётган талабанинг ҳужжатларини ўрнатилган тартибда бериши керак. Турли баҳоналар билан бу каби тўсиқлар қўйилиши нотўғри», – дея муносабат билдирди вазирлик расмийси.

Маълум қилинишича, бу масалада Ўзбекистоннинг қўшни давлатлардаги элчихоналари ва ваколатхоналари орқали амалий ёрдам кўрсатилади.

– Ўқишини имтиҳонларсиз Ўзбекистонга кўчириш имконияти фақат қўшни давлатлардаги фуқароларимиз учунми ёки бу имконият бошқа давлатлардаги талабаларга ҳам тақдим этиладими?

– Бу имконият фақат яқин қўшни давлат ОТМларида ўқиётган талабалар учунгина амал қилади. Бошқа давлатлар учун кўзда тутилмаган.

– Украина ва Россияда ўқиётган талабаларда ҳам шу мазмундаги сўровлар кўп...

– Бу давлатлар билан бўладиган масалалар асосан ёз ойларида кўриб чиқилади. Вазирлигимиз фуқаролар мурожаатлари асосида бу масалани ҳам кўриб чиқишга тайёр.