Жаҳон | 15:04 / 09.02.2020
9599
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонга сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошди. Туристларнинг учдан икки қисми Ўзбекистон фуқаролари

Ўтган йили Тожикистонга сайёҳлар оқими 21,6 фоизга ортиб, бу кўрсаткич 1,2 миллионлик нуқтадан ўтди.

Душанбе. Исмоил Сомони ҳайкали

2019 йилда Тожикистонга келган сайёҳлар сони 1 257 300 нафарни ташкил этди. Бу – 2018 йил билан таққослаганда 21,6 фоизга кўпроқдир.

Сайёҳларнинг кўпчилик қисмини Ўзбекистон фуқаролари (67,9 фоиз) ташкил этади. 2019 йили 853 634 нафар ўзбекистонлик Тожикистонга борган, улардан 99 фоизга яқини туристик мақсадда келганини билдирган.

Бу ҳақда Тожикистон Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Ширин Амонзодага асосланиб, Asia Plus хабар бермоқда.

Туристлар энг кўп келган давлатлар рўйхатида иккинчи ўринда Россия қайд этилган. Ўтган йили федерациянинг 212 минг фуқароси Тожикистонга борган. Юқори учликни 116 минг сайёҳ билан Қирғизистон якунлаб берган.

Умуман олганда, расмийларга кўра, мамлакатга сайёҳлар оқими географияси кенгайиб боряпти – ўтган йили Тожикистонга саёҳат қилиш мақсадида дунёнинг 146 мамлакатидан туристлар келган. 2016 йилда бундай мамлакатлар сони 59тани ташкил этарди.

Расмий маълумотга кўра, туризм 2019 йилда Тожикистон ЯИМнинг 2,2 фоизини ташкил этди. Туристик хизматлар қамровига эга соҳалар улуши эса 10,4 фоизга тенг.

Қўшимча ўрнида, 2019 йилда Ўзбекистонга 6,7 млн сайёҳ келган, шундан 5,8 млн нафарини марказий осиёликлар ташкил қилади. МДҲ мамлакатларидан 495 600 киши, узоқ хорижий давлатлардан 488 400 минг киши Ўзбекистонга келган.

Февраль ойида Ўзбекистон The Independent нашри талқинида туризм соҳаси энг тез ривожланаётган мамлакатлар орасида 4-ўринда қайд этилган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид