2019 йил 31 октябрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот Брекситдан кейин икки томонлама муносабатларнинг амалдаги ҳуқуқий асосини сақлаб қолиш ҳамда алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида «Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги битимни имзолаган эди.

Kun.uz мухбири ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, томонлар ўртасидаги қисқа ва узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳалар ва бошқа мавзуларда Британиянинг Тошкентдаги дипломатик миссияси раҳбари Тим Торлот билан суҳбатлашди.

Суҳбат давомида дипломат Ўзбекистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ ўзгаришлар ва Буюк Британиянинг Тошкентдаги виза идорасининг ёпилиш сабаблари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

– Жаноб Тим Торлот, сиз Ташқи ишлар вазирлиги тизимида салкам қирқ йилдан бери, яъни 1981 йилдан буён ишлаб келмоқдасиз. Шу йиллар мобайнида кўплаб давлатлар, жумладан Ироқ, Яман ва Боливияда хизмат қилдингиз. Ушбу мамлакатларга таққослаганда, Ўзбекистон сиз учун нимаси билан фарқ қилади?

– Бу ер мутлақо ўзгача ва мен ҳам Ўзбекистонга тайинланишдан олдин унинг айнан шундай бўлишини кутгандим. Aйтиб ўтганингиздек, мен 38 йилдан ортиқроқ вақтдан бери дипломатия соҳасида ишлаб келмоқдаман. Фаолиятим давомида Яқин Шарқнинг кўплаб давлатларида – Ироқ, Яман, Уммон ва Жанубий Aмериканинг турли мамлакатларида хизмат қилдим.

Бу – мазкур соҳанинг менга ёқадиган ўзига хос жиҳатларидан, очиғини айтсам. Чунки касбим бир-биридан фарқ қилувчи турли ўлкаларда етарлича узоқ муддат яшаш, ишлаш ва шу мамлакатларнинг тарихини ўрганиш имконини беради.

Ўзбекистонда ишлаш имконига эга бўлганимдан жуда мамнунман. Бу ерга келганимдан буён ўзим учун янги бўлган иккита тилни ўрганишимга тўғри келяпти. Очиғини айтсам, бунинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Бу ерда муҳит ўзгача.

Бунга қадар собиқ совет иттифоқи таркибига кирган давлатларда ишламаганман. Aста-секинлик билан юртингизнинг ўзига хос шарқона маданияти, иттифоқ давридан қолган мероси билан танишяпман. Бу Ўзбекистонда ишлашнинг ажойиб жиҳатларидан, деб айта оламан

2019 йил 20 сентябрь. Ўзбекистон президентига ишонч ёрлиғини топшириш маросими