Ўзбекистон атом энергетикаси бўйича мутахассисларни Венгрияга ўқишга юбориши мумкин
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги раҳбарияти аъзолари 2020 йил 18 февраль куни Венгриянинг ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Пьер Сийярто бошчилигидаги делегация аъзолари билан музокаралар ўтказди.
Вазирлик матбуот хизматига кўра, музокаралар Ўзбекистон-Венгрия Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 5-мажлиси доирасида ўтказилди. Учрашувда томонлар Ўзбекистоннинг ёқилғи-энергетика комплексига оид истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилди.
Венгрия томони ядро энергетикаси, шунингдек табиий газ етказиб бериш масалаларига эътибор қаратди. Қайд этилганидек, Венгрия Иқлим бўйича Париж битимининг аъзоси сифатида, атом энергетикасисиз атмосферага зарарли чиқариш кўрсаткичларини камайтиришга эришиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.
Музокаралар якуни бўйича томонлар тинч атомдан фойдаланиш, хусусан, Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида ўзаро келишувга эришди.
Венгрия томони Ўзбекистон учун ажратиладиган стипендиялар доирасида атом энергетикаси бўйича мутахассисларни ўқишга юбориш ҳақидаги таклифни кўриб чиқиш фикрини илгари сурди. Бунда Будапешт техника университетидаги яхши таълим дастури ва “Пакш” АЭСда амалиётни ўтказиш имконияти қайд қилинди.
Шунингдек, минтақа газ бозорини ривожлантириш масалалари ва Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги келгуси режалари муҳокама қилинди.
Энергетика вазирлиги томонидан энергетика ва нефт-газ соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, табиий газ негизида юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Венгрия делегациясига май ойида Тошкентда анъанавий Power Uzbekistan 2020 кўргазма-конференцияси ўтказилиши ҳақида маълумот берилди ва улар энергетика соҳасидаги ушбу муҳим анжуманга таклиф қилинди.
Мавзуга оид
14:17
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
10:44 / 17.11.2024
Миллатлар лигасида форс-мажор. Венгрия мураббийи ҳушини йўқотди, Руминия ва Косово ўйинида сиёсий можаро
16:16 / 08.11.2024
Тахтиқорача довонида тош босиб қолганларнинг икки нафари венгриялик бўлган
23:00 / 23.10.2024