Kun.uz таҳририятига хусусий бандлик агентлиги устидан навбатдаги шикоят Андижон вилоятидан келиб тушди.

«Андижон шаҳрида жойлашган «Xususiy Bandlik Agentligi Historical Travel» МЧЖ раҳбари Элёр Омонов чет давлатга ишга юбораман деб, ҳар биримиздан 2500 АҚШ долларидан 5000 АҚШ долларигача пул олди ва 1 йилдан ортиқ вақт мобайнида бизни чет элга жўната олмади. Натижа бўлмагач, пулларимизни қайтариб бермаяпти», – дейилади алданиб қолган фуқаролар мурожаатида.

Мурожаатчилар билан боғланиб, улар билан Андижон шаҳрида учрашдик.

«2018 йил декабрь ойида «Xususiy Bandlik Agentligi Historical Travel» МЧЖга келиб, раҳбари Элёр Омоновга Корея давлатига ишга кетиш учун ҳужжат топширдим.

МЧЖ иш фаолияти рекламасини телевизорда ва интернет орқали кўрган эдим. Мен декабрь ойида шартнома туздим ва ҳужжатларни қабул қилишлари учун 2500 АҚШ доллари миқдорида пул тўладим.

Агарда 6 ой ичида чет элга чиқара олишмаса, берган пулларимни 100 фоиз қайтаришларини айтишган эди.

Март ойига бориб, ички имтиҳон бўлишини ва шу ойда чиқиб кетишимизни ҳам таъкидлашди. Имтиҳонлардан ҳам ўтдик. Орадан 6 ой ўтгач, МЧЖ раҳбари бизни аслида E9 визаси билан Кореяга юбориши кераклигини, лекин бу виза ҳозир йўқлиги сабабли E7 виза билан жўнатишини ва яна кутиб туришимизни айтди.

Мана, ҳозиргача кутяпмиз. Берган пулларимизни ундира олмаяпмиз. Уларни ундириш мақсадида Андижон шаҳар ИИБ Тергов бўлимига мурожаат қилдим. Улар менга тергов жараёнлари кетаётганини айтишди. Шундан бери 2 ҳафта ўтди. Ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ», – дейди Азизбек Эргашев.