Америка нашрлари Байден ғалабаси ҳақида сайловолди участкалари ёпилишидан олдинроқ ёза бошлади. Сайловчилар орасида ўтказилган сўровлар натижаларига асосланган ҳолда бир неча телеканал ва ахборот агентликлари АҚШнинг собиқ вице-президенти овозларнинг 50 фоиздан ортиқ қисмини қўлга киритгани тўғрисида хабар берди. Жанубий штатлар орасида ўтказилган илк праймеризда финишга иккинчи бўлиб сенатор Берни Сандерс етиб келган, жанубдаги афроамерикаликлар ва испан тиллилар уни қўллашмоқда.
АҚШда президентлик пойгаси. Бу ҳақда нималарни билиш лозим?
Қайд этиш керакки, сайловолди кампанияси бошланган вақтда, 2019 йил давомида 77 ёшли Жо Байден демократлар орасидаги яққол фаворит сифатида кўрилаётганди. Ижтимоий сўровлар айнан у 2020 йил ноябридаги сайловда Трампннг рақиби бўлиши ҳақида хулоса бераётганди. Лекин илк праймеризларда - Айова, Нью-Ҳэмпшир ва Невадада - Байден ютқазди ва демократлар ўртасида биринчи ўринни мустақил номзод, социалистик қарашларга эга бўлган Берни Сандерс эгаллади.
«Good bye, Biden!» — Сайловда Трампга ким рақиб бўлади?
Жанубий Каролинадаги сайлов натижалари Нью-Йорк собиқ мэри, миллиардер Майкл Блумберг учун ёқимсиз сюрприз бўлди. 2019 йил ноябрида Демократик партиядан президентликка номзодини қўйган миллиардер сайловолди кампаниясига фақат ўз маблағларини сарфлашини маълум қилганди. Америка нашрлари ҳисоб-китобларига кўра, у ўтган тўрт ой вақт мобайнида ўз кампанияси рекламаси учун 500 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.
Ғалабасини тантана қилаётган Жо Байден ўз тарафдорлари билан учрашувда унинг сайловолди кампаниясига янги старт берилгани ҳақида гапирди.
«Атиги бир неча кун муқаддам матбуот ва сиёсатшунослар менинг кампаниям якунлангани ҳақида айтаётганди. Ҳозир эса сизлар туфайли, Демократик партияни қўллаётганлар туфайли биз ғалаба қилдик, йирик ғалабага эришдик. Биз яна ҳаётга қайтдик!», деган у.


















