SARS-CoV-2 коронавирусини юқтириб олганлар сони бўйича Жанубий Корея Хитойдан кейинги иккинчи ўринда қолмоқда. 1 март ҳолатига кўра, мамлакатда 3700дан ортиқ кишида касаллик аниқланган, 21 бемор вафот этган.

Кореянинг марказий ҳудудида жойлашган Тэгу шаҳри мамлакат бўйлаб коронавирус тарқалишининг асосий ўчоғи бўлиб турибди.

Kun.uz'нинг Жанубий Кореядаги мухбири Элдор Воҳидов мазкур шаҳарда бўлиб, у ерда яшаётган ўзбекистонликлар билан мулоқотда бўлди.

Ватандошларимиз коронавирус тарқалиши, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги авиқатнов тўхтатилиши хабарига ва умуман аслида вазият қандай эканлигига турлича муносабат билдирдилар.

Дўкон ходими:

– Дўконимиз айнан Тэгу шаҳрида жойлашган. Харидорларимизнинг асосий қисми – ўзбеклар. Бу мавзеда ватандошларимиздан тахминан 500 киши яшайди. Уйга қайтганлар жуда борса 15-20 фоизни ташкил этса керак. Қолганлар одатдагидек харид қилиш учун келиб туришибди.

Завод ишчиси:

– Тэгу шаҳрида, коронавирус ўчоғида бўлсак-да, одатдагидек ишга қатнаб турибмиз. Авиақатновлар тўхтатилиши масаласига келсак, бу қарорни тўлақонли маъқуллайман! Кореяда бундай эпидемияларга тайёргарлик салоҳияти анча юқори. Киши касалланган тақдирда ҳам,  бу ерларда даволаниш қулай. Корея ҳукумати томонидан бепул амалга оширилади.

Ўзбекистондаги яқинларни хавф остига қўйиб, у ёққа боргандан фойда йўқ. Кореяда 75 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси бўлса, буларнинг барчасига рейс ва карантин шароитларини тайёрлашнинг ўзи бўладими?

Тадбиркор:

– Кунига юзлаб ўзбекистонликлар билан мулоқотда бўламиз. Ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган ваҳима бу ерларда сезилмайди. Ҳамма ўз иши билан банд. Лекин вирус тарқалмаган дея олмайман. Касалликка чалинган беморлар даволанаётган шифохона ишхонамизга 4 километрлик оралиқ масофада жойлашган.

Бир пайтнинг ўзида ҳам соғлом турмуш тарзи ва ҳимоя чораларини кўришга, ҳам турли асоссиз ваҳималар кўтаришдан тийилишга чорлаган бўлар эдим.