Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков шу кунларда мулоқотдан асосий мақсад - «Идлибдаги инқироз, бу инқироз сабаблари ва зарарли оқибатлари, уни тўхтатиш учун зарур чоралар бўйича якдил фикрга келиш» ҳисобланишини айтганди.

Идлибдаги эскалация: Путин ва Эрдўған келишишга уриниб кўради

Ўз навбатида, Эрдўған Россия пойтахтидаги музокаралар «Сурияда ўт очиш зудлик билан тўхтатилишига олиб келиши»дан умидворлигини билдирган.

Шу билан биргаликда, Туркия раҳбари АҚШ президенти Дональд Трампдан Идлибдаги ҳарбий амалиёт давом эттирилиши учун Анқарани қурол ва ўқ-дори билан таъминлашини сўраган.

Идлибдаги тупик. Путин ва Эрдўған музокараларидан натижа бўладими?

Идлибда нималар бўлмоқда?
2018 йил сентябрида Россия, Туркия ва Эрон раҳбарлари Сурия шимоли-ғарбида ўт очишни тўхтатиш ва Идлиб атрофида ҳарбийлардан холи ҳудудни барпо этиш бўйича келишувга эришганди: унга кўра, Туркия бу ҳудуддаги ҳарбий гуруҳларни қуролсизлантириши ва жангариларни тўлиқ бартараф этиши кўзда тутилганди.

Аммо бу режалар амалга ошмади. Сўнгги ойларда Россия бир неча марта Туркия ўз  мажбуриятларини бажармаётганини ва бу ҳудуддаги террорчиларни олиб кетмаётганини маълум қилди. Эрдўған эса Путинни Суриядан кетишга чақирди.

Ўтган ҳафтада Идлибдаги вазият янги фазага кирди: Туркия Сурия армиясига қарши «Баҳор қалқони» амалиётини бошлади. Туркия Мудофаа вазири Хулуси Оқар бу амалиёт 27 февраль куни «турк ҳарбийларига қилинган пасткашларча ҳужум»га жавобан бошланганини маълум қилди.

Сешанба куни Туркия Мудофаа вазирлиги турк ҳарбийлари Сурия армиясининг Идлибдаги позицияларига зарбалар беришда давом этаётгани ва тўққизта танк, иккита гаубица, олтита кўп стволли ракета учиргич, яна иккита ҳарбий транспорт воситаси йўқ қилингани, шунингдек, суриялик 299 нафар аскар ўлдирилгани ҳақида маълум қилди.