Молия вазири ўринбосари Шохруҳ Шораҳмедовнинг айтишича, бу борада Халқаро молия корпорацияси ва бошқа хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

«Давлат улуши бўлган банкларнинг ҳаммаси бирданига хусусийлаштирилади, деб айтолмаймиз. Бу жуда мураккаб, вақт талаб қиладиган масала. Ҳозирча «Саноатқурилишбанк»ка ўхшаган йирик-йирик банклар ҳақида гапиришимиз мумкин. «Саноатқурилишбанк» [ўтган йили] Лондон фонд биржасида облигацияларини чиқарди.

Айни пайтда «Ипотекабанк» фаолиятини ислоҳ қилиш ҳаракатидамиз. Бошқа банклар бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти. Йил охирига бориб, инвесторларни жалб қилишни бошлаймиз.

Вақт ўтиши билан бу жараёнлар тезлашади, деб ўйлаймиз. Яқин йилларда давлат улуши бўлган банклар тўлиқ хусусийлаштирилиши устида иш олиб борилмоқда», – деди Шораҳмедов 4 март куни Халқаро пресс-клуб сессиясида.

Банклар приватизацияси қачондан бошланиши маълум бўлди

Банклар приватизацияси қачондан бошланиши маълум бўлди ➥ Батафсил: https://kun.uz/50767322

Posted by

Kun.uz

on Wednesday, March 4, 2020

2019 йили Молия вазирлигига давлат улуши юқори бўлган банкларни ислоҳ қилиш, уларга хорижий инвесторларни жалб қилиш ва халқаро бозорга чиқариш бўйича вазифалар юклатилган эди.

«Шунинг учун вазирлигимизда махсус бошқарма (Давлат иштирокидаги  тижорат банкларини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш бошқармаси – таҳр.) ҳам ташкил этилган ҳамда ушбу масала вазир ўринбосарининг функцияларига киритилган эди», – деган вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шохруҳ Шораҳмедов / Фото: Халқаро пресс-клуб

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда стратегик аҳамиятга эга корхоналардан ташқари, давлат улуши мавжуд барча корхоналар босқичма-босқич хусусийлаштирилиши эълон қилинган.