Бир муддат аввал сайтимиз орқали «Кластер»: У Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ўнглай оладими?» сарлавҳаси билан интервью эълон қилинган эди.

Унда «Ўзтўқимачиликсаноат» раҳбари Илҳом Ҳайдаров Ўзбекистонда фермерларнинг ери кластерга бирлаштирилиши важи билан тортиб олингани, кластерлар ва бу тизимга ўтишдаги плюс-минуслар борасидаги саволларимизга жавоб қайтарган эди.

Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми тақдим этилади.

«Кластер тизимига нисбатан «ёмон» деган сифатни эҳтиёткорлик билан ишлатиш керак»

– Дейлик, фермер етиштирилган пахтани кластерга сотди. Бу ерда фермер учун етиштирилган маҳсулотдан олинадиган иккиламчи маҳсулот: мой ва ем жуда муҳим. Хўш, фермер ва кластер ўртасидаги бу масала қандай ечилади? Иккиламчи маҳсулотлар фермерга қайтариладими?

– Сиз пахтадан олинадиган иккиламчи маҳсулотларни фермерга қайтариш масаласига урғу бердингиз. Ўтган йили бу маҳсулотлардан олинган даромад фермерга ҳам бўлинди. Бу орқали фермерга шрот ва шелуха маҳсулотларини ўзининг чорва хўжаликларига ишлатишга имконият берилди.

Бунда иккиламчи маҳсулотни бўлиш бўйича фермер ва кластер ўзаро келишади.

Мен суҳбатимиз орқали ўқувчиларга етказишни хоҳлардимки, бу тизим ҳали яхшиланиб боради.

Тизимга ёмон деган таърифни эҳтиёткорлик билан ишлатишимиз керак. Қолаверса, тўқимачиликда бизга нисбатан йиллар давомида мажбурий меҳнат борасида эътироз бўлиб келди. Кластер тизими мажбурий меҳнат борасида эътирозларни олиб ташлайди.

Кластерлар орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг энг янги техника-технологиялари кириб келмоқда. Айтмоқчиманки, бу ерда катта манфаат бор. Қишлоқ хўжалиги катта даромадли соҳага айланади.

«Шундай кунлар келадики, фермер қайси кластер билан ишлашини ўзи ҳал қилади»

– Ҳозиргача фермерлар ерга ишлов бериш, ўғит солиш каби ишлар учун йил бошида Молия вазирлиги қошидаги жамғармадан кредит олиб келади.