Ногирон ва кўзи ожиз кишиларнинг жисмоний имконияти чекланганини ҳисобга олсак, юқорига чиқиб-тушиш уларга анча қийинчилик келтириб чиқариши табиий, албатта.

Кузатувларимиз давомида гувоҳ бўлдикки, Чилонзор, Яккасарой ва Шайхонтоҳур туманларида бунёд этилган пиёдалар ер усти йўл ўтказгичларнинг баъзиларида лифт ва эскалаторлар ишламайди.

Энг гавжум чорраҳалардан бўлган, «Миллий» стадиони ва «Ғафур Ғулом» боғи ёнидаги пиёдалар йўл ўтказгичига ўрнатилган, пиёдаларга қулайлик яратилиши мақсад қилинган лифт ва эскалатордан фойдаланиш имконсиз. Ваҳоланки, лифтга кириш эшигига ногирон фуқаролар фойдаланиши мумкинлиги ҳақида ёрлиқ ёпиштирилган.

«Новза» ва «Ғафур Ғулом» метро бекатлари яқинидаги пиёдалар йўл ўтказгичларининг лифт ва эскалаторлари ишлаётганини кўриш мумкин. Бироқ бошқа жойлардаги объектларда буларнинг акси. Ҳатто уларнинг баъзиларида лифт ва эскалаторнинг ўрни бор, ўзи эса йўқ. Чилонзор тумани Оқтепа маҳалласидаги чорраҳада қурилган икки йўл ўтказгичда ҳам махсус қулайлик ўрнатилмаган.

Бугун қанчадан-қанча кишилар бу ер усти кўприкларидан фойдалана олмаётганига ким жавоб бера олади? Уларнинг ишламаслигига сабаб нима? Уларнинг доимо фойдаланишга шай бўлиб туриши учун жавобгар ташкилот қайси?

Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига алоқага чиқдик. Маълум қилишларича, ушбу объектлар «Кўприкқурилишлойиҳа» унитар корхонасига қарашли экан. Улар эса бу иш «уларнинг бўйнидан соқит қилингани» ва бунга ҳеч қандай жавобгар эмасликларини билдиришди.

Суриштирувларимиз натижасида ушбу иншоотлар Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармасига тегишли экани маълум бўлди. Бироқ бошқарманинг пиёдалар йўл ўтказгичлари эксплуатацияси ва тозалигига жавобгар бўлган ходим билан қўнғироқ орқали боғланишнинг имкони бўлмади.

Вилоятларда кўприкларни лойиҳалаштириш ва қуриш билан шуғулланадиган «Кўприк йўл лойиҳа» МЧЖ бош директори Тўлқинжон Қўлдошевдан изоҳ олишга муваффақ бўлдик.