Икки соатга яқин давом этган матбуот анжуманида маълум қилинган энг муҳим янгиликлар:
Мактабларда карантин: ўқувчи ва ўқитувчиларга таътил, телевидениеда видеодарслар
18 мартдан бошлаб умумтаълим мактаблардаги барча ўқитувчилар муддатидан аввал таътилга чиқарилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.
Ўқитувчиларга меҳнат таътили даври учун иш ҳақи тўланади.
Шерматов таътил пайтида видеодарслар қандай ташкил этилиши ҳақида ҳам маълумот берди.
Масофадан туриб ўқув жараёнини ташкил этиш ҳамда таълим муассаса ва ташкилотларнинг бино ва иншоотларини сақлаш мақсадида бир қатор лавозим эгалари фаолиятини иш жойида амалга оширади.
Ўқувчиларнинг таътил пайтида билим олиши учун келгуси ҳафтадан бошлаб телеканалларда видеодарслар эфирга узатила бошлайди.
Видеодарслар телевидение ва Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари (@uzedu) ва расмий веб-сайтларида (www.uzedu.uz), электрон ахборот порталлари (online maktab) орқали ҳам намойиш этилади.
Ўқитувчилар ва МТМ ходимлари дезинфекциялаш ишларига жалб этилмайди
Олий таълимдаги 50 фоиз ўқитувчи таътилга чиқмоқда
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов ҳам Тошкентда таҳсил олаётган ўқувчи ва талабаларни карантин доирасида вилоятларга юбориш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, ўқувчи-талабаларни карантин доирасида вилоятларга юбориш ёзги ва қишки таътил шаклида ҳамда ёзги таътил ҳисобидан ташкил қилинади.
Таълим шаклига кўра, ҳам кундузги, ҳам кечки ўқийдиганларнинг дарс ва имтиҳон жараёнлари ҳам сурилади.


















