«Айрим фуқаролар бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига ҳисса қўшиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этмоқда.

Жумладан, 2020 йилнинг 16 март куни Жанубий Корея республикасидан Москва шаҳрига ва у ердан поездда Самарқанд шаҳрига келган, 1989 йилда туғилган фуқаро А.Ашуров кузатувга олиниб, Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Ушбу фуқаро 20 март кунидан 21 март кунига ўтар кечаси эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан касалхонадан қочиб кетгани аниқланган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида у Сурхондарё вилояти, Денов туманида ушланиб, умумий карантинга жойлаштирилган. 

Жорий йилнинг 18 март куни Москва шаҳридан поездда Тошкент шаҳрига келган, 1954 йилда туғилган фуқаро Т.Эшов кузатувга олиниб, Самарқанд туманидаги «Дўстлик» оромгоҳига карантинга жойлаштирилган. Т.Эшов ҳам эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан 20 март кунидан 21 март кунга ўтар кечаси карантин зонасидан қочиб кетган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасидан Т.Эшов Тошкент вилояти, Паркент тумани, Заркент маҳалласидаги яшаш хонадонида ушланган. 

Москва-Тошкент йўналишидаги поезд орқали 19 март куни Қорақалпоғистонга кириб келган, 1990 йилда туғилган фуқаро Ш.Равшанов кузатувга олиниб, Нукус шаҳридаги касалхонага карантинга жойлаштирилган. Бироқ, ушбу фуқаро ҳам эпидемияга қарши кураш қоидаларини қўпол равишда бузиб, 21 март куни касалхонадан қочиб кетган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида у Бухоро вилояти, Шофиркон тумани, Зарчабек маҳалласидаги яшаш уйида ушланиб, карантинга олинди. 

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан айбдорларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 2571-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейди Ички ишлар вазири.

Пўлат Бобожоновнинг маълум қилишича, карантин билан боғлиқ мавжуд тартиблар ва санитария чекловларини бузганлиги учун ҳозирги вақтга қадар 4 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

«Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро М.Тахиров маст ҳолда бўлган фуқаронинг ерда ётган ҳолатини уяли телефони орқали видеотасвирга тушириб, ушбу фуқарони коронавирус инфекциясига чалинган, деб аҳоли орасида ваҳимага сабаб бўлувчи маълумотларни интернет тармоғи орқали тарқатиб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 1 миллион 115 минг сўм миқдоридаги жарима жазоси белгиланди.