Ўзбекистон | 14:34 / 23.03.2020
34869
2 дақиқада ўқилади

Армияга чақирув вақтинча қолдирилди

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви номаълум муддатга кечиктирилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

Таъкидланишича, ушбу қарор коронавирус тарқалиши хавфини камайтириш учун қабул қилинган. 

«Ўзбекистон Қуролли кучлари муддатли ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларсиз ҳам мамлакат хавфсизлиги, чегаралар дахлсизлиги ҳамда барқарорликни таъминлаш қудратига эга. Навбатдаги чақирувнинг кечиктирилиши миллий армиямиз салоҳиятига путур етказмайди», – дея муносабат билдирди Мудофаа вазирлигидаги мутасадди шахс. 

Маълум қилинишича, чақирувнинг кечикиши армия сафидаги муддатли ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга ҳам татбиқ этилади. Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат учун шартнома имзолаб, тўловни бажарган шахслар режа асосида ўрнатилган тартибда хизматни кейинроқ ўташи айтилмоқда.

«Бундан кўзланган асосий мақсад – вирус тарқалишига қарши курашиш. Чақирув учун номзодлар тиббий кўрикдан ўтади, уларнинг яқинлари маросимлар учун йиғилиши мумкин. Шуларни инобатга олиб, чақирувни кечиктириш мақсадга мувофиқ, деб топилди», – дейди суҳбатдош.

Бундан аввалроқ, Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Тошкент шаҳрида доимий яшовчи шахсларга татбиқ этилмаслиги белгиланган.

Мавзуга оид