Ўзбекистон | 10:31 / 27.03.2020
43866
6 дақиқада ўқилади

Хотин-қизларнинг ОТМга ажратилган қўшимча грант асосидаги қабул танловида иштироки учун тавсияномалар бериш тартиби очиқланди

Олий таълим муассасаларига хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун тавсияномалар бериш ва ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун тавсияномалар бериш ва ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Хотин-қизларнинг республика олий таълим муассасаларига ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, у хотин-қизларнинг республика олий таълим муассасаларига ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок учун тавсияномалар бериш тартибини белгилайди.

Республика олий таълим муассасаларига ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида олий маълумот олиш истагида бўлган иқтидорли хотин-қизларнинг танловда иштирок этиш учун тавсияномалар қуйидаги мезонлар асосида берилади:

- кам таъминланган, доимий даромадга эга бўлмаган ва тўлов контрактини тўлашга лаёқатсиз бўлган оилалар;

- тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;

- 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган бева аёлларнинг (эр) қизлари;

- отаси ёки онаси ногирон бўлган ва кам таъминланган оилалар;

- оғир уй-жой шароитларида яшаётган ва доимий уй-жойига эга бўлмаган оилалар;

- ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган кам таъминланган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;

- ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалар;

- олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан бир неча баравар паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин ҳудудларда яшовчи оилалар фарзандлари учун уларни ўз ҳудудида муайян муддат ишлаш шарти билан.

Хотин-қизларнинг республика олий таълим муассасаларига ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун тавсиянома шаклга мувофиқ берилади.

Тавсияномалар бланклари қатъий ҳисобда турувчи ҳужжат ҳисобланади, ҳисоб серияси, рақами ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлган, “Давлат белгиси” давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланади.

Тавсияномалар схема бўйича олий маълумот олиш истагида бўлган хотин-қизларни Ўзбекистон Республикасининг битта олий таълим муассасасига кириши учун уч йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан иқтисодиёт тармоқларида фаолият кўрсатаётган ходимлар таркибида хотин-қизлар улуши кам бўлган соҳалардан келиб чиққан ҳолда ажратилган давлат гранти асосидаги қўшимча қабул кўрсаткичларига танловда иштирок этиш мумкин бўлган таълим йўналишларига таклифлар ҳар йили 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритилади.

Тавсияномаларни бериш масаласини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг тегишли масалалар бўйича ўринбосаридан иборат таркибда Комиссия тузилади.

Камида беш нафар раҳбар ходимлар ва ваколатли мутахассислардан иборат бўлган Комиссия таркиби ва унинг вазифалари Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

Унда қуйидаги таркибдан иборат Комиссияси шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари ажратилган давлат гранти асосидаги қўшимча қабул кўрсаткичларига танловда иштирок этиш учун тавсия этилган хотин-қизлар тўғрисидаги ҳужжатларни ҳар йили 10 июнга қадар Комиссияга тақдим этади.

Комиссия ажратилган давлат гранти асосидаги қўшимча қабул кўрсаткичларига танловда иштирок этиш учун тавсия этилган хотин-қизлар тўғрисидаги ҳужжатларнинг мезонларга мувофиқлигини кўриб чиқади.

Комиссия томонидан ажратилган давлат гранти асосидаги қўшимча қабул кўрсаткичларига танловда иштирок этиш учун тавсия этиладиган номзодлардан талаб қиладиган ҳужжатлар:

маҳалладан тавсифнома (мезонлар асосида ҳужжатлар иловаси билан);

маълумотнома-объективка;

умумий ўрта таълим ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини (академик лицейини) тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат баҳолари кўрсатилган иловаси билан;

паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхалари.

Мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.

Комиссия тақдим этилган ҳужжатларни ҳар йили 15 июнга қадар кўриб чиқади.

Комиссия йиғилиши якунлари бўйича баённома тузилади, у комиссия томонидан имзоланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг муҳри билан тасдиқланади.

Комиссия томонидан саралаб олиниб, ажратилган қўшимча давлат гранти асосида қабул кўрсаткичларига танловда иштирок этиш учун тавсия этилган қизлар тўғрисидаги хулоса ва уларнинг рўйхати ҳар йили 20 июнга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этилади.

Комиссия ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига танловда иштирок этиш учун хотин-қизларга тавсияномаларни ҳар йили 1 июлга қадар топширади.

Мавзуга оид