Президент Шавкат Мирзиёев 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳудудлар ҳокимларига карантин пайтида жойларда барча даражадаги йиғилишлар ва мажлисбозликларга чек қўйиш талабини қўйди.

Аммо, давлат раҳбарининг топшириғига қарамай, 27 март куни Бўка тумани раҳбарлари иштирокида тумандаги фермер хўжаликлари раҳбарлари учун семинар ташкил этилган.

Kun.uz ихтиёридаги маълумотга кўра, чигит экиш масалаларига бағишланган мазкур семинар 27 март куни соат 15:00да туманнинг «Мустақил Ўзбекистон» фермерлар уюшмаси ҳудудидаги «Абдурафе Ражабзода» фермер хўжалиги дала майдонида бўлиб ўтган.

Унда туман ҳокими Низомиддин Аббосов, туман прокурори Ҳусанхўжа Пўлатхўжаев ва туман солиқ инспекцияси раҳбари Дилшод Омонов ҳам иштирок этган.

«Муҳим» семинарда фермерларга нима ўргатилди?

Kun.uz мухбири семинар тафсилотлари ҳақида маълумот олиш мақсадида унда иштирок фермерлардан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

«Ҳокимимизни жуда ҳурмат қиламиз. Лекин вазиятни ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Бутун дунёда аҳолини уйда қолиш ҳақида чақириқлар бўлаётган, шахсан президентимиз ҳокимларга карантин пайтида мажлисбозликларни тўхтатишни буюрган бир пайтда мажбурий тарзда ўтказилган бу семинар барча фермерларда хавотир уйғотмасдан қолмади», – дейди шахси сир қолишини истаган фермер.

Семинарда нима масалалар муҳокама қилинди, деб берган саволимизга:

«Нимани ҳам муҳокама қилардик? Ҳар йили ўзимиз қилиб келган иш – чигит экишни «ўргатишди». Керак бўлса, шу ерда тўпланган фермерлар чигит экишни ҳокимдан ҳам, прокурор-у туман бош солиқчисидан ҳам яхшироқ билишади.

Семинарда қишлоқ хўжалиги соҳаси юксак даражада ривожланган бирор хорижий давлатдан мутахассис мастер-класс ўтармиди ёки бўлмасам банан ё апелсин етиштиришни ўрганаётганмидикки, инсон ҳаёти хавф остида турган шундай бир таҳликали вазиятда йиғилиш ўтказилса...», – дейди фермер биз билан суҳбатда.

Ҳоким: «Семинар ўтказиш – фермерларнинг ўзидан чиққан ташаббус»