Тўхтамасдан ёғган баҳорнинг кучли ёмғири Самарқанд шаҳридаги кўчаларда сув тошқини келтириб чиқарган, сув ҳаттоки одамларнинг турар жойларига ҳам зарар етказган эди.
Ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида қор ва бўрон кузатилгани, шамол уйларнинг томларини учириб кетгани акс этган видеолар ҳам тарқалмоқда.
Бугун Республикамизнинг бир қатор ҳудуларида ёғаётган ёмғир қорга айланди. Пойтахтимиз Тошкентда ҳам ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетди. 9 апрель куни қор ёғиши кутилмоқда. Хўш, пойтахтимизда ҳам Самарқанд ва Қозоғистондаги ҳолатлар сценарийсига тайёрми?
Kun.uz мухбири мутасаддилардан изоҳ олди.
«Март ойининг катта қисми ва апрель ойининг бошида Ўзбекистонда иссиқ об-ҳаво кузатилди ва гўёки совуқлар ортда қолганга ўхшади. Бироқ синоптиклар баҳор кутилмаган сюрпризларни намоён қиладиган инжиқ фасл, деб бежиз огоҳлантиришмайди.
Шу ҳафтада бизни ана шундай об-ҳаво сюпризлари кутмоқда. 7 апрель куни Волгабўйи ҳудудлари орқали Россиянинг Европа ҳудуди устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво оқимлари Ўзбекистон ҳудудига кириб келди. Республикамиз ҳудуди бўйлаб вақти-вақти билан ёмғир ёғмоқда. 8 апрель куни айрим жойларда кучли ёмғир ёғиб, қорга айланди. Баъзи жойларда ёмғир 9 апрель куни эрталаб қорга айланиши мумкин. Шамолнинг тезлиги кучайиб, секундига 15–20 метргача, баъзи жойларда 23–28 метргача етиши мумкин.
8–9 апрель кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи бор. 8 апрель куни ҳарорат пасайиб +10 даражадан +5 даражага тушди. 9–10 апрель кунлари кечаси 0...+5 даража илиқ, айрим жойларда –1 даража совуқ бўлади.
Ҳар доим баҳорда кузатилганидек бундай совуқ давр узоқ давом этмайди. 9 апрель кундузи ёғингарчилик тўхтайди. 10 апрелда эса бутун республика ҳудудида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади ва кундузги ҳарорат кўтарила бошлайди.
11 апрелда ҳарорат +17...+22 даражагача кўтарилади. Бундан кейин ҳам яна ёғингарчиликли даврлар бўлади, лекин уларда ҳарорат фони бундай паст бўлмайди», — деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзгидрометеорология» маркази ахборот хизмати ходими Малика Миржамолова.
Марказнинг махсус огоҳлантириш хатига асосан Тошкент шаҳрида 7–9 апрель кунлари вақти-вақти билан ёмғир, 8 апрель куни кучли ёғингарчилик бўлиши, шамолнинг тезлиги 23–28 метргача етиши, об-ҳаво совиб кетишини инобатга олиб, юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тезкор чоралар кўрилган.

















