14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, пандемия оқибатида очарчиликдан қийналаётган аҳоли сони 2 баробарга ошиб, 1 миллиард 600 миллионга етади, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
«Мамлакатимизда ички талабни тўлиқ таъминлаш билан бирга экспортни ошириш учун ҳам катта имкониятлар бор. Сўнгги уч йилда соҳада манфаатдорликни ошириш, оддий қилиб айтганда, деҳқон ва фермерни бой қилиш учун барча масалалар ҳал қилиб берилди. Энди мутасадди раҳбарлару миришкорлар ҳам ҳосил ва даромадни кўпайтириш учун янгича ишлаши зарур.
Бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун катта синов ва кенг имкониятлар йили бўлади. Пандемия ва карантин қанча вақт давом этишидан қатъи назар, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи камаймайди. Шу боис мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш вазифаси қўйилмоқда.
Йиғилишда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55та туман, 86та кластер ва 125та кооператив бу борада етакчи бўлиши кераклиги таъкидланди. Боғ ва токзорларда қатор оралари, такрорий майдонларнинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиб, 2-3 марта ҳосил олишни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Боғдорчилик ҳамда Узумчилик агентликлари сабзавот, полиз ва бошқа турдаги экинлар экилишини ташкил этиш учун масъул этиб белгиланди.
Ички ишлар вазирлигига карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ автотранспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Маҳсулот ҳажмини ошириш учун жорий йилда 124 минг гектар оборотдан чиққан ерларни тўлиқ ўзлаштириш лозим.
Бугунги кунда Бахмал туманида 3 минг гектар, Қўшработ туманида 5 минг гектар, Бешариқ туманида 2 минг гектар оборотдан чиққан ерда қудуқлар қазилиб, боғ ва токзорлар барпо қилиш бошланган. Бундай лойиҳаларни бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш, сув чиқариб, лалми ерларни ўзлаштириш зарурлиги таъкидланди.















