Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–599-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 436-моддаси биринчи қисмининг 5-бандидаги “ўн олти ёшга тўлмаган бешта” деган сўзлар “ўн саккиз ёшга тўлмаган тўртта” деган сўзлар билан алмаштирилади.

Яъни, ер солиғи бўйича солиқ имтиёзлари ҳақидаги моддада ота-онасидан бири ёки ота-онаси вафот этган ҳамда оилада ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар солиқдан озод қилинади. Мазкур имтиёз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади.

Амалдаги таҳрирга кўра, ер солиғидан қуйидагилар озод қилинади:

1) «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар. Мазкур имтиёз «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, Совет Иттифоқи Қаҳрамони ва Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;

2) уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар. Мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади;

3) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;

4) ёлғиз пенсионерлар. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан бирга алоҳида уйда яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади;

5) боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар. Ота-онасидан бири ёки ота-онаси вафот этган ҳамда оилада ўн олти ёшга тўлмаган бешта ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалардир. Мазкур имтиёз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;