Шифохоналардаги беморлар сони кўплиги бўйича дунёда АҚШ етакчилик қилмоқда, зарарланиш ҳолатларининг энг кўп қисми Нью-Йорк штатига тўғри келади. АҚШда пандемия бошланганидан буён 748 мингдан ортиқ кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган (240 мингдан ортиғи Нью-Йорк штатида), 40 мингга яқин киши коронавирус қурбонига айланган.

BBC рус хизмати коронавирус пандемияси билан боғлиқ сўнгги маълумотларни келтиради.

Россияда 19 апрель куни 6060 кишида вирус аниқланди ва жами зарарланиш ҳолатлари сони 42 853тага етди. Беморларнинг 361 нафари вафот этган, 3291 киши соғайган. Зарарланганларнинг ярмидан кўпроғи Москвада қайд этилган. Россия президенти Владимир Путин якшанба куни диндорларни Пасха байрами билан табриклади ва коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият тўлиқлигича давлат назоратида эканига ишонч билдирди. Президент пандемияга қарши кураш қўшимча ресурслар ва захираларни талаб этишини қайд этган. «Бизда етарли захиралар бор. Улардан фойдаланамиз», деган у.

Италия ҳукумати якшанба куни ўтган бир кунда 433 киши вафот этганини маълум қилди - бу сўнгги ҳафтадаги энг паст кунлик кўрсаткичдир.

Испанияда ҳам коронавирус беморлари орасида ўлимлар сони камаймоқда, якшанба куни бу ерда 410 бемор вафоти ҳақида маълум қилинди. Бир кун олдин Испания шифохоналарида коронавирус ташхиси қўйилган 482 киши оламдан ўтганди, март ойи охирида кунлик ўлимлар сони 900дан ошганди.

Испания коронавирус қурбонлари сони 20 мингдан ошган учинчи мамлакатдир, бундан юқорироқ кўрсаткичлар АҚШ ва Италияда қайд этилган. Мамлакат бош вазири Педро Санчес шу кунларда карантин чоралари 9 майга қадар узайтирилгани ҳақида эълон қилди, лекин мамлакатда карантин чоралари ҳафта бошидан буён юмшатиб келинмоқда. Ҳафта бошида каталонияликлар ҳукумати Мадриднинг қарорига бўйсунишдан бош тортганди. Испаниянинг бошқа ҳудудларида қатор тоифадаги ишчилар ишга қайтган, турли заводлар ва корхоналар ходимлари санитар нормаларига риоя қилган ҳолда фаолиятини тиклаган. Ҳукумат босқичма-босқич карантин чораларини юмшатиб боришни режалаштирган. Якшанба куни Санчес ҳукумат 14 мартдан буён уйдан чиқарилмаётган болалар учун тақиқларнинг бир қисми бекор қилиниши ҳақида маълум қилди. Унинг айтишича, болалар 27 апрелдан кўчага чиқишлари мумкин.

«Май ойида янги нормалар бўйича ҳаракатлана бошлаймиз», деган Санчес.

Австралия ҳукумати Уҳанда 19-nCoV коронавируси пайдо бўлиши бўйича текширув ўтказишга чақирди. Аввалроқ Америка нашрларида разведка манбаларига асосланган ҳолда вирус Уҳан вирусология институти лабораториясида яратилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатди. АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам бу талқинни рад этмади ва америкаликлар текширув ўтказишини маълум қилди.