Фильм пандемия туфайли бошқа муаммоларга чалғиган инсонлар эътиборини иқлим ўзгариши муаммоларига қаратиш учун тайёрланган.
Жаҳон иқтисодий форуми фильмга Грета Тунбергнинг 2019 йилги Давос форумидаги нутқини қўшди.
«– Уйимиз олов ичида. Ва мен шу ерда туриб, уйимиз ёнаётганини айтяпман. Иқлим ўзгариши муаммосини ҳал қилиш – инсоният юз тутган энг муҳим ва энг қийин муаммо.
Катталар ёш авлодга умид беришаётганини айтишмоқда. Бироқ менга сизнинг умидингиз керак эмас. Мен умидвор бўлишни эмас, сизнинг ҳам хавотир олишингизни хоҳлайман. Мен ўзим ҳар куни ҳис қилаётган қўрқувни сиз ҳам ҳис қилишингизни хоҳлайман.
Ва ҳаракат қилишингизни хоҳлайман. Ўзингизни худди инқироздан чиқиш учун ҳаракат қилгандай тутишингизни истайман. Уйингиз олов ичида қолгандек ҳаракат қилишингизни хоҳлайман», – дея Давосда нутқ сўзлаган Гретанинг мазкур мурожаати фильмга қўшилган.
Халқаро Ер кунида 17 ёшли Грета Тунберг барқарор тараққиёт масалалари бўйича халқаро даражада тан олинган профессор Жоҳан Рокструм билан онлайн тарзда суҳбатлашган.
The Guardian нашрининг ёзишича, бу суҳбатда Грета коронавирус пандемиясидан сўнг одамлар «янги йўл»дан юриши кераклигини айтиб, ўзи аввалроқ айтганидек, жамият барқарор эмаслигини таъкидлаган.
Швецариялик ёш иқлим фаолининг сўзларига кўра, COVID-19`га нисбатан глобал миқёсда кўрсатилаётган реакция агар одамзод бирлашса ва олимларнинг сўзига кирса, ўзгаришлар қандай тез содир бўлишини кўрсатиб берди.
Грета иқлим ўзгариши муаммоларига ҳам худди мана шундай принципда курашилиши керак, деб ҳисоблайди.
«Биз хоҳлаймизми ёки йўқ, яшаб турган дунёмиз бундан атиги бир неча ой олдингидан ҳам фарқ қилади. Балки энди ҳеч қачон олдингидай бўлмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун биз ўзимизга янги йўл танлашимиз керак.
















