Президент “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга кўра, 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар “Маҳалла” хайрия жамоат фондига, “Саховат ва кўмак” фондига, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган пул маблағлари ва товарлар (хизматлар):
фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади (15 фоиз);
ҚҚСдан озод этилади (15 фоиз);
айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектига киритилмайди (4 фоиз).
ДСҚ матбуот хизмати бу қандай ишлашини тушунтириб берди.
1-мисол. Корхона томонидан фармонда кўрсатилган хайрия жамғармалари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга 100,0 млн. сўмлик маблағ ўтказилди ёки озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Бунда, корхона фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда харажатларини 100 сўмга оширади. Натижада, корхона томонидан тўланадиган фойда солиғи (100 х 15 фоиз) 15 млн. сўмга камаяди.
2-мисол. Корхона томонидан ишлаб чиқарилган 500 млн. сўмлик ун маҳсулотлари “Саховат ва кўмак” фондига беғараз берилди. Ушбу фондга берилган маҳсулотларга қўшилган қиймат солиғи солинмайди. Натижада, корхона ҚҚС бўйича (500 х 15 фоиз) 75 млн. сўм имтиёзга эга бўлади.
3-мисол. Корхона томонидан ишлаб чиқарилган 30 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари “Маҳалла” хайрия жамоат фондига беғараз берилди. Ушбу фондга йўналтирилган 30 млн. сўмлик маҳсулотларга айланмадан олинадиган солиқ солинмайди. Натижада, корхона айланмадан олинадиган солиқни тўлашда (30 х 4 фоиз) 1,2 млн. сўм имтиёзга эга бўлади.
Президентнинг ПФ-5978-сонли фармони билан пандемия фаолиятига салбий таъсир қилган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга 2020 йил 1 октябргача айрим солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилган эди.
















