«Теодор Рузвельт» авиаташувчиси бортидаги АҚШ ҳарбий самолётлари, 2018 йил
Michael Hogan / Navy Office of Information / AFP / Scanpix / LETA

АҚШ Мудофаа вазирлиги – Пентагон расмий сайтида номаълум учар жисмлар акс этган видео пайдо бўлди. 

Ҳарбий самолётлардан олинган ёзувлардан учар жисм самолётга ҳам, вертолётга ҳам ёки бошқа учувчи аппаратларга ҳам ўхшамаслиги кўринади.

The New York Times нашри мухбири АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг бир неча учувчилари билан боғланиб, улар ҳавода пайқаган номаълум учар жисм ҳақида гаплашди. Нашрнинг ёзишича, «Ҳаводаги хавфларни аниқлаш дастури» ёпиқ бўлса-да, у ҳақда баъзи маълумотлар аниқ бўлган.

Виржиниядаги VFA-11 бўлинмаси учувчилари 2014-15 йилларда Форс кўрфазига учишдан аввал ўтказилган тайёргарлик парвозлари вақтида номаълум жисмларни пайқаган. Учувчилар ўз исмларини ошкор қилмаслик шарти билан маълумот берган. Улардан икки нафари исмини айтган: лейтенант Райан Грэйвз ҳамда лейтенант Дэнни Аккойн.

Газетанинг ёзишича, F/A-18 Super Hornet қирувчи самолётларида 1980 йилда ишлаб чиқарилган радарлар замонавийларига алмаштирилгач, учувчилар номаълум жисмларни аниқлаган. Лейтенант Аккойннинг айтишича, у номаълум учувчи жисмни дастлаб пайқай олмаган.

Учувчилар аввалига радар хато ишлаяпти деб ҳам ўйлашган. Бир неча кун ўтгач лейтенант Аккойн номаълум жисмни пайқаб, унинг йўналишини инфрақизил спектр ёрдамида аниқлай олади. Лейтенант Грэйвзнинг айтишича, номаълум жисмлар ҳар хил баландликда учган. Улар баъзан денгиз сатҳидан 9 километр баландликкача пайқалган. Улар гоҳ секин, гоҳ баланд учган. Ҳатто овоз тезлигида ҳам учган. Лейтенантнинг айтишича, жисмлар 12 соатлаб ҳавода турган ва бу вақт давомида қаердан энергия олганини ҳарбийлар тушунишмаган: «У биз кутгандан 11 соат кўпроқ учди», деган Грэйвз.

https://www.nytimes.com/video/players/offsite/index.html?videoId=100000006525294

Учувчилар аввалига бу «ҳаво хавфларини аниқлаш дастури» доирасидаги учувчи жисм деб ўйлашган, аммо 2014 йил самолётлар номаълум жисм билан тўқнашиб кетишига бир бахя қолгач, бу фикрдан қайтишган. Номаълум жисм самолётга 30 метргача яқин келади. Шундан сўнг ҳукумат янги учувчисиз дронларни у ерда синамасликка қарор қилган. Учувчиларнинг айтишича, Форс кўрфазида номаълум жисм қайтиб уларнинг олдидан чиқмаган.