Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни пандемия даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

«Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича ушбу касалликка чалинган 1066 нафар ёки 55 фоиз бемор тўлиқ соғайганини алоҳида қайд этмоқчиман. Охирги 5 кунда – 505 нафар.

Қолган 894 нафар беморни ҳам даволаш юзасидан, ўзимизда амалий ёрдам бераётган 18 нафар хитойлик, германиялик, кореялик врачлар ҳамда телемедицина орқали бошқа етакчи хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик қилган ҳолда, барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Мамлакатимиз тиббиёт ходимларининг бугунги кунда касалликка қарши олиб бораётган машаққатли ва ўта масъулиятли меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш учун куни кеча яна бир муҳим қарорни имзоладим.

Унга кўра, санитария-эпидемиология хизматининг қарийб 11 мингга яқин барча тоифадаги тиббиёт ходимларининг иш ҳақи 2,5 бараварга оширилди.

Умуман, карантин қоидаларини ўз вақтида жорий этганимиз ва халқимиз унга сабр-тоқат билан амал қилаётгани туфайли кўплаб туман ва шаҳарларда инфекция тарқалишига йўл қўймадик», деган президент.

Давлат раҳбари карантин вақтида хизматда бўлган соҳалар ходимлари, шу жумладан ОАВ вакилларига миннатдорчилик билдирган.

«Шу ўринда кўнглимдаги бир фикрни жамоатчилигимиз, халқимизга очиқ айтмоқчиман.

Мана, бир ярим ойдан ошдики, эл-юртимиз «Уйда қолинг» деган даъватга амал қилиб, юксак жасорат кўрсатиб, ялпи карантин шароитида яшамоқда. Оилам, бола-чақам, деб тиниб-тинчимайдиган, эртаю кеч ғайрат билан меҳнат қиладиган халқимиз учун бундай мажбурий ҳолат, албатта, осон кечаётгани йўқ.

Юртдошларимиз оғир синов кунларида чинакам сабр-тоқат ва масъулият, меҳр-оқибат фазилатларини намоён этяпти.

Буни жаҳон ҳамжамияти ҳам тан олиб, ҳар томонлама эътироф этмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, пандемияга қарши курашнинг олдинги сафларида чинакам қаҳрамонлик кўрсатаётган барча шифокорларимизга, шу жумладан, тез ёрдам хизмати ходимлари ва ҳайдовчиларига алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Шу жараёнда ўзини аямасдан хизмат қилаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига, мард ва жасур ҳарбийларимизга, вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг раҳбарлари ва хизматчиларига, муҳтарам нуронийларимиз ва маҳалла фаолларига, саховатпеша тадбиркорларимизга, олимларимиз, ўқитувчи ва домлалар, ижодкор зиёлиларимиз, имом-хатибларимизга чин дилдан раҳмат айтаман.