Гуманитар ёрдам ортилган биринчи юк машиналари Тошкент шаҳридан жўнаб кетди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
“Озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур истеъмол товарлари тўплами билан кўп болалик оилалар, ногиронлиги бор шахслар, кексалар таъминланади. Бу Адлия вазирлигининг “Салом Сардоба, биз биргамиз” хайрия акцияси дастури доирасида амалга оширилажак тадбирлардан биридир”, дейилади хабарда.


Эвакуация қилинган фуқароларнинг бир қисми юридик коллежларга жойлаштирилди. Улар учун дам олиш ва ухлаш жойлари, иссиқ овқат, тиббий ёрдам олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, Оқолтин туманининг Сардоба шаҳарчаси ҳамда Мирзаобод туманининг Ёшлар қишлоғи фуқароларидан 500 нафари, шу жумладан 200 нафар вояга етмаганлар Сирдарё вилояти юридик коллежи биносига жойлаштирилди. Вазирлик раҳбарияти Сирдарё вилоятида бўлиб, жойларда аҳоли билан учрашмоқда.

Бундан ташқари, Сардобада кечаги фалокатдан жабр кўрганларга ижтимоий кўмаклашиш мақсадида вазирлик томонидан хайрли ишлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бунда хорижий ва миллий ҳамкорлардан маблағ йиғиш учун ҳомийлар жалб этиш, ёшлардан иборат кўнгиллилар гуруҳини ташкил этиш, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун махсус телеграм-бот яратиш, адлия органлари ва муассасалари мутахассисларини жалб қилган ҳолда вазиятдан келиб чиқиб, ҳуқуқий маслаҳат беришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хайрия фаолиятида Давлат хизматлари агентлиги ҳам фаол иштирок этмоқда. Тез орада давлат хизматлари марказлари томонидан жойига чиқиб бепул хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.


Маълумот учун, 1 май куни Самарқанддан Сирдарёга жами 100та машинада турли хил маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдамлари юборилганди.
Шунингдек, Тошкентдаги бир гуруҳ кўнгиллилар тезкорлик билан «Сирдарёликларга ёрдам» гуруҳи остида уюшдилар
















