Ўзбекистон ва Хитойда даволанаётганлар сонининг кунлик нисбий ўзгариши жуда ўхшаш ва демак Ўзбекистон ҳам май ўртасидан карантиндан чиқа бошлашини кутса бўлади.

Ўзбекистонда шу йил март ўртасида бошланган коронавирус эпидемияси нисбатан юмшоқ ўтаётгани ва даволанаётган касаллар сони 20 апрелда энг катта миқдори – 1361 кишига етиб, шундан бери пасайиб бораётгани ҳақида 28 апрелдаги мақоламда ёзгандим. Шундан бери деярли икки ҳафта ичида даволанаётганлар сони деярли икки баравар камайишга яқинлашди - 3 майда 800 киши атрофига тушди ва кунига 40 киши атрофида камайиб бормоқда. Бу, демак, мамлакатда эпидемия жиловланиб, сўниб бораётганидан дарак беради.

Лекин эпидемия сўниши уни авж олишидан узоқроқ давом этиши ва ҳатто такрорий бошланиш хавфи ҳам борлиги маълум. Шунинг учун Ўзбекистондаги ҳолат эпидемияни бошидан кечириб, ундан чиқиб олган қайси мамлакат билан бир хилда кечмоқда, деган савол муҳимдир. Бу саволга жавоб топилса, унда аҳоли қачон карантиндан чиқарила бошлашини ҳам тахмин қилиш мумкин бўларди.

Мутахассислар бу борада ҳар кунги янги касалланганлар сонини таҳлил қилиб борадилар ва шу сон ўзгариши графикларини (эпидемик эгри чизиқларни) чизиб, шу асосда хулоса қилишади. Яъни, янги касаллар қўшилиши деярли тўхтаса, демак эпидемия сўнди, деган ҳулоса қилинади. Медицина нуқтайи назаридан бу албатта тўғри ва бир қараганда ягона метод бўлиб кўринади.

Лекин аҳоли ҳаёт эҳтиёжлари, мамлакат иқтисодиёти ва барқарорлиги нуқтайи назаридан келиб чиқилганда эса бошқа кўрсаткич – даволанаётган касаллар сонининг камайиб бориб, карантин зоналаридагина қолгани муҳимроқлиги ҳақида хулосага келгандим. Чунки янги касаллар карантин зонасида пайдо бўлаверади ва бунинг кети бўлмаслиги мумкин, ваҳоланки мамлакат аҳолисига бу жараён деярли таъсир этмайди. Бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиб чиқиб, буни яна бир исботини топдим ва бундан биздаги ҳолат учун муҳим хулосалар келиб чиқиши маълум бўлди.

Касалланганлар сони мингдан ошган мамлакатлар 1 майда 91тага етди ва Ўзбекистон (2,1 минг киши) бу рўйхатда 69-ўринда. Шулардан 32 мамлакатда даволанаётганлар сони энг юқори миқдоридан ўтиб, эпидемия сўна бошлади ва улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Шулардан ўнга яқин мамлакат эпидемияни деярли жиловлаб, карантиндан чиқа бошлади. Улардаги даволанаётганлар сонининг карантин кунлари билан ўзгариши графиклари шуни кўрсатдики, Ўзбекистондаги ўзгариш динамикаси Хитойники билан деярли бир хил экан. Бунга албатта иккала мамлакатда ҳам қаттиқ карантин чоралари кўрилгани ва аҳолининг нисбатан тартиб-интизомлилиги сабаб бўлса керак.